English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллада бирорта ёш эътибордан четда қолмайди
12:30 / 2022-07-27

Давронбек Нурниёзов 22 ёшда. У Нурота тумани, “Авазсой” маҳалласида яшайди. “Ёшлар дафтари”га киритилган. Маҳалладаги ёшлар етакчиси томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида унинг касб-ҳунар ўрганишга қизиқиши борлиги сабаб пайвандловчи касбига ўқитилди ва унга тегишли тартибда сертификат ҳам берилди.

– Пайвандчиликни ўрганганимдан сўнг, менга субсидия асосида пайвандлаш ускунаси берилди, – дейди Давронбек. – Пайвандлаш ускунасини олганимга 3 ой бўлган бўлса, ҳар ойда 1,5-2,5 миллион сўм атрофида маблағ топяпман. Асосан маҳалламиз ҳудудида ишлаяпман. Фермер ва тадбиркорларимизнинг қурилиш-таъмирлаш ишларига ёрдамлашаман. Ишлаб, оиламиз иқтисодига фойдам тегаётганидан хурсандман. Ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчисига раҳмат. Пайвандлаш ишлари чиқиб қолса, телефон орқали боғланиб, айтишади. Бориб иш ҳақини келишган ҳолда пайвандлаш ишларини бажариб бераман.

Бугунги кунда “Авазсой” маҳалласида 16-30 ёшгача 405 нафар ёш истиқомат қилса, уларнинг 30 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган. Ёшлар етакчисининг ташаббуси билан шу кунга қадар уларнинг 21 нафари дафтардан чиқарилди.

– Маҳалламизда 17 та банддан иборат “Ёшлар дастури” ишлаб чиқилиб, бугунги кунга қадар дастурнинг 16 та банди тўлиқ бажарилди, – дейди ёшлар етакчиси Равшан Бўриев. – Жумладан, маҳалладаги 3 та кўчада истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида 4 та кўрик-танлов ва лойиҳалар, 10 та спорт мусобақаси ўтказилди. Бир нафар ёшнинг ярим йиллик контракт тўлов-шартнома пули, 2 нафар ёшга сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташ учун пул бадали тўлаб берилди. 6 нафар ёшга субсидия асосида 4 та тикув машинаси, 2 та пайвандлаш ускунаси олиб берилди. Хуллас, маҳалламизда бирорта ёш эътибордан четда эмас. Уларнинг оилавий шароити мунтазам равишда ўрганилиб, тегишли тартибда ёрдам кўрсатилмоқда.

Бугунги кунда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Маҳаллада 396 та хонадонда 2250 нафар аҳоли истиқомат қилади. Барча хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган. Ўрганишлар натижасида маҳалладаги ишсизларни иш билан таъминлаш, уларнинг даромадини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

[gallery-8052]

Жумладан, кооперация усулида гилам тўқиш цехи ташкил қилиниб, 18 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Бир фуқарога 240 миллион сўм имтиёзли кредит олиб берилиб, 14 сотихли иссиқхона барпо этилди ва 3 ишсиз фуқаро ишли бўлди.

 Бундан ташқари чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 16 нафар фуқарога 478 миллион сўм имтиёзли кредит олиб берилди, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Шуҳрат Зокиров. – Шунингдек, 9 нафар тадбиркорлик қилиш, 40 нафар иссиқхона қуриш, 7 нафар паррандачилик, 17 нафар тикувчилик қилиш нияти борларга, 15 нафар касб-ҳунар ўрганишни хоҳлаганларга кўмаклашиш орқали уларнинг ҳам бандлиги таъминланди. Жорий йилда 22 нафар фуқарога субсидия, “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида 70 нафар фуқарога имтиёзли кредит маблағлари ажратишни режалаштирганмиз. Бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш орқали сервис хизматлари ташкил этилиб, 13 та янги иш ўрни яратилади.

Маҳаллада аҳоли, хусусан, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратишда “Авазсой Чорва Полиз” фермер хўжалигининг алоҳида ўрни бор.

Ҳудуд аҳолиси асосан, чорвачилик билан шуғуллангани боис, бу ҳудудда томорқа маданияти талаб даражасида шаклланмаган, экин ерларига фақатгина озуқа экинлари, беда ёки маккажўхори экиб келинган.

Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари тизими жорий этилгач, ушбу ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, ишсизлик даражасини камайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш мақсадида томорқадан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Натижада хоким ёрдамчиси кўмаги билан “Авазсой Чорва Полиз” фермер хўжалигига “Агробанк” АТБдан 1,4 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди ва “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида 60 та хонадонга бир-икки сотихли 90 сотих иссиқхона қуриб берилди.

– Бу иссиқхоналар асосан ижтимоий дафтарлар рўйхатига киритилган маҳалладошларимиз хонадонларига қурилди, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Давлатов. – Биринчи ҳосилда ҳар бир иссиқхонага 25 минг донадан редиска экилди. Натижада, 210 минг боғ редиска ҳосили марказлашган ҳолда 315 миллион сўмга сотилди. Шундан 78 миллион сўми хонадон эгаларига иш ҳақи сифатида берилди. Март-апрел ойларида иккинчи ҳосил сифатида ҳар бир иссиқхонага 480 тадан жами 28,8 минг дона булғор қалампири кўчатлари экилди. Ҳозиргача ушбу кўчатлардан етиштирилган 15 тонна булғор қалампири 105 миллион сўмга сотилди ва 26 миллион сўми хонадонларга берилди.

– Дастлаб иссиқхоналар қурилгач, маҳалладаги аҳолини томорқа маданиятига ўргатиш жараёнида дангасалик кайфиятига берилган, боқиманда хонадон эгалари билан ҳам алоҳида ишлашга тўғри келди, – дейди ҳоким ёрдамчиси Шуҳрат Зокиров. – Уларни ушбу кайфиятдан чиқариш ҳамда иссиқхона харажатларини қисман қоплаш мақсадида меҳнат нисбатан кам талаб қиладиган экинларни экишга алоҳида эътибор қаратилди/ 30 та хонадонда ташкил этилган иссиқхонага июнь ойи охирида ҳар бирига 30 минг донадан 900 минг дона саримсоқпиёз экилди. Ушбу маҳсулотни кўкат ҳолатида сотиш орқали 360 миллион сўм даромад олиш кўзда тутилган.

Фермер хўжалиги томонидан жорий йил июнь ойида е-auksion савдо майдончаси орқали бир гектар ер майдони сотиб олиниб, 20 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 3,15 сотихдан иссиқхоналар қуриб берилмоқда. Ушбу иссиқхоналар учун агроном жалб этилиб, ёшларга параллел равишда иссиқхона экинларини парваришлаш ишлари ўргатилмоқда.

Маҳалладаги “Оқтепа” қишлоғида яшовчи Эркин Ҳамидовнинг томорқаси 20 сотих бўлиб, шундан 2,5 сотих уй жой, 2 сотих ёрдамчи бинолар ва экин ер майдони 15,5 сотихни ташкил этади. Ўтган йилларда хонадон эгаси томонидан экин ерларига фақатгина озуқа экинлари экиб келинган.

– Ҳоким ёрдамчиси ва лидер тадбиркор “Авазсой чорва полиз” фермер хўжалиги раҳбари томонидан 8,7 миллион сўм маблағ ҳисобига бир сотихли кичик иссиқхона қуриб берилди, – дейди Э.Ҳамидов. – Дастлаб иссиқхонада 25 минг дона редиска маҳсулоти экилиб, марказлашган ҳолда сотилди. 2,3 миллион сўм иш ҳақи олдим. Иккинчи ҳосил учун 480 та булғор қалампири кўчати экилди. Ҳозирча биринчи теримдан 500 кг маҳсулот эвазига 4 миллион сўм даромад олинди. Йил якунига қадар булғор қалампирининг ўзидан 20 миллион сўм даромад олишни кўзлаб турибман.

Фермер 25-30 нафар ишсиз аҳолини жалб қилган ҳолда ойига 2-2,5 миллион сўмдан иш ҳақи эвазига хўжалик ҳудудидан табиатдан олинадиган исириқ ва наъматак каби доривор ўсимликлар йиғиб олиниб, қадоқланган ҳолда Исроил давлатига 48 минг долларлик экспорт амалга оширилди.

Президентимиз 18 июль куни экин ерлари ва томорқадан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат етиштириш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш, шу билан бирга ғалла етиштириш ва харид қилишни молиялаштириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида  яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланиб яхши тажриба ва тизим яратган туман, маҳаллалар ҳақида тўхталиб, Нурота туманида амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолаган эди.

Албатта, бугунги кунда давлатимиз томонидан қўйилаётган асосий талаб ҳам аҳоли бандлигини таъминлаган ҳолда даромадини ошириш, уларнинг яшаш тарзини ўзгартиришдир. “Авазсой” маҳалласида амалга оширилаётган ишлардан эса бошқалар ҳам ўрнак олса арзийди.

 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА