Пойтахтимизда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Офицерларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси тингловчилари билан амалий йўналтирилган йўриқнома тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда академия бошлиғи, юридик фанлари доктори , профессор, полковник Музаффаржон Мамасиддиқов сўзга чиқиб, малака ошириш жараёнлари замонавий талаблар асосида дуал таълим тамойилига мувофиқ, яъни назария ва амалиёт уйғунлигида олиб борилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, тингловчиларнинг пойтахтимизнинг барча туманларида маҳаллабай ва хонадонбай тамойили асосида ўтказиладиган кенг қамровли профилактик тадбирларда фаол иштирок этиши, амалиёт жараёнида учраётган реал муаммоларни ўрганиши, таҳлил қилиши ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан асосли таклифлар ишлаб чиқиши муҳимлигини қайд этиб ўтди.
Тадбир давомида академия профессор-ўқитувчилари, туман инспекторлари, туман ҳокимлиги масъуллари ҳамда тегишли хизматлар ходимларига мутахассислар томонидан долзарб вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, профилактик тадбирларни сифатли амалга ошириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш масалалари юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, амалий фаолиятга оид аниқ вазифалар ва топшириқлар белгилаб олинди.

Тадбир доирасида аҳоли хонадонларида ёнғин хавфсизлиги, газ ва электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш қоидаларига оид тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, фуқароларга амалий тавсиялар, мавжуд хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА