Жиззах вилояти учинчи сектор раҳбари, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ишни маҳаллабай тизими асосида ташкил этган.
Ғаллаорол тумани “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан ўтказилган навбатдаги мулоқотда ҳам мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.
Сектор раҳбари дастлаб тижорат банклари томонидан 33 миллион сўмдан ажратилган кредит маблағи эвазига фуқаролар томонидан барпо этилган иссиқхоналар фаолияти билан танишди. Оқтошлик фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, иссиқхоналардаги аҳвол, экинлар парвариши, кредит маблағларининг тўғри йўналтирилишини ўрганди.
Ўз уйида тикувчилик цехини очган Мавжуда Абдуллаева хонадонида бўлиб, у ердаги тикувчи хотин-қизларга яратилган шароитлар билан танишди. Ушбу тикувчилик цехи Маржонбулоқ шаҳарчасида жойлашган кичик корхонанинг бўлими ҳисобланади. Тадбиркор Юлдуз Тоғаева бошқараётган Маржонбулоқдаги кичик корхонада “Оқтош” бўлимида меҳнат қилаётганлар билан қўшиб ҳисоблаганда 50 киши меҳнат қилмоқда. Жамоа аъзолари томонидан кунига 250 дона эркаклар курткаси тайёрланиб, маҳсулотнинг бир қисми Тожикистонга экспорт қилинаётган бўлса, қолган қисми буюртма ва ички бозорда сотилмоқда.
Ғайрат Қодиров қишлоқ тадбиркорлари билан учрашиб, муаммолари билан қизиқди, ишлаб чиқариш жараёнлари, иш ўринлари, ишчи-хизматчиларга яратилган шароитларни ўрганди ва уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилишини билдирди. “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси билан танишди.
Шу куни 3 кишига ногиронлик аравачаси, “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги 2 кишига ҳайдовчилик курсида ўқиш учун йўлланма, 5 нафар талабага олий таълим муассасаси контракт тўловининг тўланган, яна 2 кишига иссиқхона барпо этиш учун кредит ажратилганлиги ҳақида сертификатлар, бундан ташқари, эҳтиёжманд 2 оила фарзандига мактаб формаси топширилди. Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этган оқтошлик ёшлар рағбатлантирилди.
Аҳоли билан ўтказилган сайёр қабулда Ғаллаорол тумани ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинига бириктирилган туман ҳокими ёрдамчиси ва ёшлар ишлари агентлиги вакили ҳамда маҳалла фуқаролари иштирок этди. Мурожаатчилар ичимлик суви, электр энергияси таъминотини яхшилаш, турар жой қуриш, деҳқончилик ва фермерлик билан шуғулланиш учун ер майдони ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, тиббий ва моддий кўмак олиш, ички йўлларни таъмирлаш юзасидан талаб ва таклифларини билдирди.
Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, тиббий ва моддий кўмак олиш масалалари шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилинди. Қолган масалалар тегишлигига кўра мутасаддиларга юклатилди ва ижро муддатлари белгиланди.
Сўнг “Оқтош”даги бир неча турар жой ва кўчаларда сайёр қабулда кўтарилган масалалар ўрганилди ва муаммоларни ҳал этишга доир “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Ғайрат Қодиров Ғаллаорол тумани “Катта қизил булоқ” қишлоғидаги Фориш ҳамда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманлари билан боғловчи йўлни таъмирлаш ишлари билан ҳам танишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА