“Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти Бухоро вилояти филиали ходимлари «маҳаллабай» тизими бўйича самарали ишлари олиб боришмоқда. Масалан, биргина Когон туманида 23 маҳаллалардаги 17 074 оилалар ҳолати ўрганилди. Керакли ёрдам кўрсатиш мақсадида уларга 28 нафар тадбиркор бириктирилди. Барча маҳалларда «темир дафтар», «хотин-қизлар дафтари» ва «ёшлар дафтари» га киритилган фуқароларга оид маълумотлар янгиланди. Мезонларга тўғри келмайдиган оилалар рўйхатдан чиқарилди.
Филиал ходимлари фуқароларни бичиш-тикиш, қандолатчилик каби уларни қизиқтирган касб-ҳунарларга ўқитиш курсларига жалб қилиш ишларини олиб боришмоқда. Шунингдек, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида янги бизнес-лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш, оилавий тадбиркорликни кенгайтириш, маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришда мавжуд имкониятлардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, «Чолоки» маҳалласида яшовчи Нодира Холмуродова банкдан олган кредит ҳисобига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди ва оилавий бюджетга ўз ҳиссасини қўшаётганидан мамнун.
– Саломатлигимнинг ёмонлашгани сабабли мени «темир дафтар»га киритишган эди, – дейди Нодира ХОЛМУРОДОВА. – «Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» акциядорлик жамияти тикув машинаси харид қилишим учун кредит ажратди. Уй ишларидан бўш вақтимда хотин-қизлар учун либос тикаман, бу жуда даромадли касб. Бундан ташқари, иссиқхона ташкиллаштиришим учун ҳам ёрдам кўрсатишди.
–Аҳоли билан ишлаш жараёнида ҳамюртларимизга 597 бош қорамол, 65 600 бош уй паррандаси, 4000 та кўчат ҳамда 249,5 сотих ер учун 14,9 миллиорд сўм кредит маблағи кераклиги маълум бўлди. Маҳалламизда 502 та хонадонда 2531 нафар киши истиқомат қилади, 665 та уй хўжалиги бор, – дейди Когон туманининг «Чолоки» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мирзоҳид БEРДИЕВ. –36 нафар аёллар «хотин-қизлар дафтари»га, 59 нафар йигит-қизлар «ёшлар дафтари»га, икки нафар фуқаро «темир длафтар»га киритилган. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» акциядорлик жамияти вилоят бўлимининг уларга бириктирилган ишчи гуруҳи зарур ёрдамни кўрсатмоқда. Маҳалла ёшларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 33 миллион сўмдан кредит ажратилди ва уларнинг танлаган йўналиши бўйича ўз бизнесларини ташкил этишларига ёрдам кўрсатилди.
– Маҳалламизда 609 та хонадонда 619 та оила яшайди. Бугунги кунда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» акциядорлик жамияти ходимлари аҳолининг барча муаммоларидан хабардорлар, улар тегишли ёрдам кўрсатиб келишмоқда, - дейди Когон шаҳар «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Муҳаббат ШОМУРОДОВА. – «Темир дафтар»га киритилган бир ҳамюртимиз доимий иш билан таъминланди, яна бир уй бекасига кредитга тикув машинасини харид қилиш учун ёрдам кўрсатилди. Банк ва ҳамкор ташкилотлар ходимлари томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва манзилли ёрдам кўрсатиш, хайрия ва ёрдам тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
«Маҳаллабай» тизими бўйича ишлаш жараёнида 80 нафар фуқарога 1600 бош уй паррандаси, 2 та тикув машинаси тақдим этилди, 184 нафар ҳамюртимизга иссиқхоналар ташкил этиш учун ёрдам кўрсатилди, 66 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, маҳаллаларга бириктирилган банк ходимлари 268 та бўш ётган обектлар ҳолати ўрганилмоқда. Шулардан 84 таси лойиҳаларини амалга оширишлари учун 74 нафар тадбиркорга берилди. Лойиҳалар амалга оширилса, 478 та иш ўрни ташкил этилади.
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» акциядорлик жамияти Бухоро вилояти филиали ходимлари бундан кейин ҳам аҳолига керакли ёрдам кўрсатишни давом эттиради.
"Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки" акциядорлик жамияти Матбуот хизмати