Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Маҳаллабай” ишлаш тизимини амалиётга жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
20:19 / 2021-02-16

Давлатимиз раҳбари жорий йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида 3 бўғинда “маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш юзасидан муҳим топшириқлар берган эди.

Шу жиҳатдан Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Файзулла Маманов бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятида “маҳаллабай” ишлаш тизимини ўрганди.

Вилоят марказий банк бош бошқармаси, вилоят тижорат банклари, молия бошқармаси, бандлик бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси раҳбарлари ҳамда туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларидан иборат гуруҳ “маҳаллабай” ишлаш тизимини амалиётга жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Фарғонада маҳаллабай ишлашнинг вертикал тизими ишлаб чиқилди. Вилоятда 1 минг 41 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, уларга тижорат банкларининг 714 та малакали мутахассиси доимий вакил сифатида бириктирилди. Бу вакиллар маҳаллада ишсиз аҳолини, ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш ва тадбиркорликка ўқитишни ташкил қилади. Шунингдек, тадбиркорларга кредит олиш ва лойиҳаларини амалга оширишга ёрдам бериб, маҳалла раислари ва фаоллари билан доимий иш олиб боради. Шаҳар ва туманларни маҳаллабай тизимда ривожлантириш мақсадида вилоятдаги 76 та секторнинг ҳар бирида иқтисодий комплекснинг малакали ходимларидан иборат бошқарув офислари ташкил этилди.

“Маҳаллабай” ишлаш тизимини жойида ўрганиш бўйича Фарғона ва Марғилон шаҳарлари, Олтиариқ, Риштон, Бувайда ва Учкўприк туманларида маҳаллаларнинг “ўсиш нуқта”лари, ушбу ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар Фарғона вилояти мисолида таништириб ўтилди.

Хусусан, маҳаллаларда тадбиркорлик фаолияти ҳолати – ихтисослашув йўналишини таҳлил қилиш, оилаларнинг даромад манбаларини ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиш ва эҳтиёжларини ўрганиш, ҳар бир маҳаллада бўш турган бинолар, ер майдонлари каби мавжуд имкониятларни ўрганиш, маҳалланинг тадбиркорлик салоҳиятини оширишга қаратилган “Йўл харита”ларини ишлаб чиқишда эътибор қаратиладиган асосий жиҳатлар Сурхондарё вилоятидан келган вакилларга жойида кўрсатиб берилди.

Шу билан бирга, ушбу делегация Наманган вилоятида замонавий ишлаб чиқариш объектларини жойида ўрганди. Хусусан, меҳмонлар "Даштбоғ" кичик саноат зонаси фаолияти билан танишди. 3 гектар ҳудудни эгаллаган мазкур ҳудудда 22 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳалар фойдаланишга топширилиши ҳисобига 3 минг 900 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, "Истиқлол текстиль дизайн" МЧЖ ва "Идеал текстиль орзу" МЧЖ корхоналари томонидан тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишилди. Мазкур жамиятнинг 6 та ҳудудда филиаллари мавжуд бўлиб, уларда 2 мингга яқин доимий аҳоли иш билан банд. Энг асосийси, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 80 фоизи хорижга экспорт қилинмоқда.

"Ботир Муҳаммадали" МЧЖ аёллар ва эркаклар учун оёқ кийим ишлаб чиқаради. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 75 фоизи экспортга мўлжалланган бўлиб, доимий 70 нафар иш ўрни яратилган.

"Сантех дизайн" МЧЖ корхонасида пластик қувурлар ва уларнинг қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхонани барпо этиш учун 22,8 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 100 та янги иш ўрни яратилган. Корхонанинг йиллик қуввати 31 миллиард сўмни ташкил этиб, йилига 500 минг долларлик тайёр маҳсулотлар Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинади.

Делегация аъзолари томонидан ўрганилган Фарғонанинг “маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича тажрибаси Сурхондарё вилоятида амалиётга татбиқ этилади.

ЎзА