Маҳалладаги мавжуд муаммолар ва аҳолининг кундалик масалаларини биргина маҳалла тизими ходимлари билан бартараф этиш имконсиз. Шу сабабли бу жараёнда ҳар бир соҳа масъулларининг иштироки ва аралашуви муҳимдир. Жойларда олиб борилаётган маҳаллабай ишлаш механизмининг асосини барча соҳа вакилларининг ҳамжиҳат бўлиб, ҳудудлардаги масалаларни ечишга комплекс ёндашиши ташкил этади.
Маълумки, Мажбурий ижро бюроси суд ва бошқа органлар қарорларининг ижросини сўзсиз таъминлайди. Бунда давлат ва жамият, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади.
Бюронинг Андижон вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари иш юритувига келиб тушаётган ижро ҳужжатларининг ижросини тезкор ва самарали таъминлаш мақсадида жойларда маҳаллабай ишлаш тизими ташкил этилди. Унга кўра, ҳар бир давлат ижрочисига муайян маҳалла ҳудуди бириктирилиб, унда яшовчи шахсларнинг ижро ҳужжати бўйича қарздорликларини бартараф этиши юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.Хусусан, жорий йилнинг 8-10 август кунлари Андижон туманининг “Март”, “Чилон” “Отчопар” маҳаллаларида бюро ижрочилари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ички ишлар бўлими нозирлари, банк муассасаси ходимлари ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари билан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилди. Натижада банклар фойдасига кредит қарздорликлар, маъмурий жарима, давлат божларини ундириш чоралари кўрилди. Тадбир давомида қарздорликларни тўламаган шахсларнинг мулклари хатланди.
Мисол учун, чорвачилик билан шуғулланиш истагида қорамол сотиб олиш учун кредит олиб, 19,2 млн. сўм қарзини қайтармаганлиги учун қарздор Х.Х.нинг яшаш хонадонидаги 3 дона қорамол хатланди. А.У.нинг эса “Халқ банки” туман филиали фойдасига тўланмай қолган 20 млн. сўм кредит қарзи музлатгич, кир ювиш машинаси ва телевизори хатлаб қўйилди. Бундан ташқари, Пахтаобод туманининг биргина “Сангробод” маҳалласида 40 нафар фуқаронинг турли ижро ишлари бўйича қарздорликлари мавжуд эди. Алимент, маъмурий жарима ва бошқа турдаги қарздорликларни ундириш бўйича бир қатор соҳа масъуллари хонадонларга кириб, тушунтириш ва қарзларни ундириш ишлари олиб борилди. Беш нафар қарздорнинг тўланмаган қарзлари эвазига эҳтиёжидан ортиқча бўлган буюмлари хатланиб, қарздорлик бартараф этилган тақдирда қайтарилиши тушунтириб ўтилди.Ҳозирда вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам бу каби тадбирлар давом этмоқда.
ЎзА