Жорий йил 14 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тизимни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишнинг муҳим вазифалари белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллалардаги ижтимоий муҳит ва ёшлар тарбиясига оид долзарб масалаларга тўхталар экан, оилаларда ажримлар кўпайиб бораётгани, алимент тўламаслик, оилавий масъулиятсизлик ҳолатлари, эрта никоҳлар ва уларнинг салбий оқибатлари жамият учун жиддий хавф эканини таъкидлади. Ёшларга оила қуришнинг нафақат шахсий, балки ижтимоий масъулият эканини тушунтириш, никоҳ шартномасини тарғиб қилиш, ажримларнинг олдини олиш бўйича кенг маърифий ишларни ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Дарҳақиқат, оила – жамиятнинг асосий устуни. Агар оила мустаҳкам бўлса, жамият барқарор бўлади. Шу боис оилавий ажримларни олдини олиш – ахлоқий муҳит ва ижтимоий соғломлик учун муҳим вазифадир.

Мамлакатимизда “маҳалла еттилиги” институти халқ орасидаги мулоқот, ҳамжиҳатлик, тарбия ва муаммоларни ҳал қилишнинг муҳим механизмига айланди. Бу тизим нафақат ижтимоий ёрдамни ташкил этиш, балки намунали оилаларни шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фарғона вилояти мисолида “маҳалла еттилиги” фаолияти самарасини яққол кўриш мумкин. 2025 йилнинг 9 ойи давомида 195 мингдан ортиқ хотин-қизлар бандлиги таъминланди, 26 мингдан зиёд аёллар касб-ҳунарга ўқитилди. Вилоятда 6 200 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилиб, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ўтган йилга нисбатан 29 фоизга камайди.
Шунингдек, зўравонликка учраган 5 800 дан зиёд хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди, 19 та туман ва шаҳарда “Оила ва хотин-қизлар масканлари” ташкил этилди. 7 600 дан зиёд никоҳланувчи ёшлар оилавий ҳаётга тайёрлаш курсларидан ўтди.
Хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятлари ҳам кенгаймоқда. Ҳозирда Фарғона вилоятидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг 56,6 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. 2025-2026 ўқув йилида 500 дан ортиқ эҳтиёжманд хотин-қизлар имтиёзли квота асосида олий таълимга қабул қилинди.
Бугунги кунда “маҳалла еттилиги” институти нафақат ижтимоий масалаларни ҳал этувчи тизим, балки оилавий барқарорлик ва маънавий муҳитни мустаҳкамловчи муҳим платформага айланмоқда. Низоларни барвақт ҳал қилиш, профилактика, ҳуқуқий маслаҳат ва жамоатчилик тарбияси орқали ҳар бир оиланинг тотувлигини таъминлаш — жамият барқарорлиги учун асосий омилдир.
Маҳалла ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тузилмаси сифатида фаолият юритаётган бўлиб, юртимиз тараққиёти ва халқ фаровонлигида беқиёс аҳамиятга эга.
Гулчеҳра Жўраева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА