Глобаллашув ва тезкор ўзгаришлар шароитида жамият барқарорлиги, халқ фаровонлиги ва миллий тараққиёт масалалари жиддий аҳамиятга эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаси бу борада муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида тарихга кирди.
Унда белгилаб берилган устувор йўналишлар, аҳолининг ҳаётини яхшилаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва маҳалланинг стратегик аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан ошгани, халқимиз меҳнати ва давлатимизнинг изчил ислоҳотлари самарасидир. Президентимиз таъкидлаганидек, тараққиёт тасодифан эмас, балки билим, тафаккур ва масъулиятли меҳнат орқали яратилади. Бу ёндашув халқимиз салоҳиятини намоён этади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётнинг янгича модели шаклланди, бозор муносабатлари мустаҳкамланди. Ижтимоий ҳимоя тизими кенгайиб, қонун устуворлиги таъминланди. Ислоҳотлар натижаси ҳар бир маҳалла, оила ва инсон ҳаётида сезилмоқда. Давлат сиёсатининг асосий тамойили – халқ билан мулоқот, очиқлик ва ҳисобдорликдир.

Президентимиз мурожаатномасида маҳалла институтига алоҳида эътибор қаратилди. Маҳалла – нафақат ҳудудий тузилма, балки ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлайдиган, инсон қадрини улуғлайдиган ижтимоий институтдир. Социологик тадқиқотлар натижасига кўра, аҳолининг 90 фоиздан ортиғи ўзини маҳалла жамоасининг ажралмас қисми деб ҳисоблайди.
Президентимиз ёшларни ватанпарвар, мустақил фикрлайдиган инсонлар этиб тарбиялашда маҳалланинг роли ниҳоятда муҳим эканини таъкидлади. “Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади”, деган фикрлар ушбу институтнинг стратегик аҳамиятини намоён этади.
Бугунги кунда маҳалла тизимини ривожлантириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. “Маҳалла еттилиги” тизими жорий этилиб, ижтимоий хизматлар маҳалла даражасига туширилмоқда. “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари орқали фуқароларнинг қарор қабул қилишдаги иштироки кенгайиб, жамоавий масъулият кучмоқда.
Маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, молиявий ресурслар билан таъминлаш ва ваколатларни бериш маҳалланинг реал иқтисодий ва ижтимоий кучга айланишини таъминлаяпти. Мурожаатномада белгилаб берилган аниқ вазифалар маҳалланинг Янги Ўзбекистон қиёфасига мослашишини таъминлайди.
Президентимиз томонидан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши миллатимизнинг стратегик мақсадларига эришишда муҳим аҳамиятга эга. Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, уларни ўз меҳнатимиз ва масъулиятимиз билан яратамиз. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир фуқаро ушбу жараённинг фаол иштирокчисига айланганда, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли мустаҳкам бўлади.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази,
Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари