Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла – жамият барқарорлиги ва тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
16:04 / 2026-02-05

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалла институтининг мамлакат тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини янада оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Маҳалла – азалдан халқимиз ҳаётида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсоний қадриятлар ва ижтимоий бирдамлик маскани бўлиб келган. Ижтимоий сўровлар натижасига кўра, юртимиз аҳолисининг 90 фоиздан зиёди ўзини маҳалла жамоасининг ажралмас қисми деб ҳисоблаши ҳам бу институтнинг жамиятдаги нуфузини яққол намоён этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддасида маҳалла фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи сифатида мустаҳкам белгилаб қўйилган. Ушбу тузилма маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқаролар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда мустақил ҳал этиш ҳуқуқига эга.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидлаганидек, маҳалла ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятни жипслаштириш ва халқни бирлаштиришда беқиёс аҳамиятга эга. “Маҳалла тинч бўлса, жамият тинч бўлади”, деган тамойил бугун ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.

2026 йилда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида алоҳида давлат дастури қабул қилиниши режалаштирилган. Унда мамлакатимиздаги 9 мингдан ортиқ маҳаллани меҳр-оқибат, адолат ва тарбия масканига айлантириш, инфратузилмани яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Бу мақсадлар учун салмоқли молиявий маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Сўнгги йилларда маҳалла институтини ислоҳ қилиш, уни рақамлаштириш ва самарали тизимга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Ижтимоий маҳалла”, “Маҳалла еттилиги” тизимлари жорий этилиб, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш самарадорлиги ошди. Маҳаллалар орқали кредит, субсидия ва моддий ёрдамлар кўрсатилиши натижасида миллионлаб фуқароларнинг бандлиги таъминланди, камбағаллик даражаси сезиларли қисқарди.

Халқаро экспертлар ҳам Ўзбекистондаги маҳалла миллий моделини аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамиятни барқарор ривожлантиришда самарали тизим сифатида эътироф этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда маҳалла нафақат ўзини ўзи бошқариш институти, балки инсон қадри улуғланадиган, жамиятнинг маънавий ва ижтимоий таянчи ҳисобланади. Маҳаллани янада ривожлантириш орқали мамлакат тараққиётига мустаҳкам замин яратилади.

Шуҳрат Рўзиназаров,

Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори.