Навоий вилояти Ғозғон шаҳар Тумар маҳалласида усти ёпиқ, сунъий қопламали, замонавий спорт майдони фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда маҳалладаги 346 та хонадонда 1900 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилиб келади. Ҳудудда 2 та умумтаълим мактаби, 2 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси ва 1 та касб-ҳунар мактаби мавжуд бўлиб, 30 ёшгача бўлган ёшлар 1076 нафарни ташкил этади.
Шу кунга қадар маҳалла ёшлари мактаб ўйингоҳларидан фойдаланиб, спорт билан шуғулланиб келган. Эндиликда эса уларнинг ўз стадиони бор.
[gallery-17785]
– “Ташаббусли бюджет”нинг 2023 йил 2-мавсумида “Тумар маҳалласи ҳудудида усти ёпиқ 45х25 ўлчамли ўйингоҳ қуриш” лойиҳаси билан қатнашиб, ғолибликни қўлга киритдик, – дейди маҳалла ёшлар етакчиси Зуҳриддин Иброҳимов. – Бугун эса ушбу ўйингоҳ фойдаланишга топширилди. Ёшларимиз хурсанд. Энди бу ерда турли спорт мусобақалари, кўнгилочар тадбирлар ўтказамиз. Албатта, ёшларимиз орасида иқтидорли спортчиларимиз кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг сони янада кўпайишига ишонаман.
Ушбу мажмуа “Махсус Сув Пудрат” МЧЖ томонидан 1 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилди.
Таъкидлаш ўринлики, 2023 йилнинг 2-мавсумида ғозғонликлар “Ташаббусли бюджет”да қатнашиб, 3,5 миллиард сўмлик 6 та лойиҳани қўлга киритган.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари