Фарғона вилоятидаги олий таълим муассасалари янги тартиб бўйича ўзларига бириктирилган маҳаллаларда турли маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақаларини ташкил этмоқда.
Фарғона давлат университетининг "Ректор кубоги"га эришиш учун бел боғлаган уюшмаган ёшлар спортнинг мини футбол, шахмат-шашка, стол тенниси турлари бўйича ўзаро баҳслашди.
Мусобақалар қизғин руҳда ўтиб, Фарғона шаҳрининг “Ойбек”, “Сойбўйи”, “Шаршара”, “Истиқлол”, “Баҳор”, “Шодлик”, “Мирзо Улуғбек”, “Фурқат”, “Соҳибқирон Темур”, “Гулистон”, “Нафосат”, “Наврўз” маҳалла фуқаро йиғинларидан келган жамоалар спорт борасида анчагина чапдаст эканлигини кўрсатди. Университетнинг спорт соғломлаштириш мажмуасида ёшлар учун барча шароитлар яратиб берилди.
Ҳаяжон билан кутилган финал мусобақалари ҳам якун топди.
Мини футбол спорт тури бўйича 1-ўринга “Наврўз” маҳалласи ёшлари сазовор бўлган бўлса, 2-, 3-ўринлар “Гулистон”, “Шодлик” маҳаллаларига насиб этди. Шахмат бўйича эса 1-ўринни “Улуғбек” маҳалласи вакили эгаллагани ҳолда, 2-, 3-ўринларга “Наврўз”, “Фурқат” маҳаллалари ёшлари муносиб деб топилди. Шу билан бирга спортнинг шашка, стол тенниси каби турларида ҳам олий совринларга асосан “Наврўз”, “Фурқат”, “Гулистон”, “Шодлик” маҳаллалари вакиллари эришди. Ғолибларга олий таълим муассасасининг совғалари берилди.
Фарғона давлат университетининг маҳаллалар билан ҳамкорлиги нафақат спорт соҳасида, балки бошқа йўналишларда ҳам давом этмоқда.
М. Сулаймонов,
ЎзА мухбири