Асака туманидаги Меҳнатобод маҳалласи нафақат тумандаги, балки вилоятдаги энг обод маҳаллалардан бирига айланди. Яқин бир ой давомида мазкур маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун қулай яшаш шароитлари яратиш мақсадида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Натижада маҳаллада электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти яхшиланди, мавжуд йўллар таъмирланиб, ободонлаштирилди.
Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси, Асака тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси йўлсозлари томонидан маҳалла ҳудудидаги мавжуд йўлларни, шунингдек, "Барака ҳамкор парранда" паррандачилик корхонасига олиб борувчи йўлни таъмирлаш, четларига бетон тўсиқлар ўрнатиш, ободонлаштириш бўйича олиб борилган ишлар барчани бирдек мамнун этди.

Қурилиш, таъмирлаш ишларига 100 нафардан зиёд ишчи-мутахассис жалб этилди, 20 дан ортиқ махсус техника воситасидан фойдаланилди.

---Маҳалла ҳудудидан ўтувчи маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 8 километр қисми асфальтлаштирилди, --- дейди Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Юлдуз Маллабоева. – Бундан ташқари, маҳалланинг айрим кўчалари таъмирланди, нотекис йўллар текисланиб, шебен ётқизилди, йўл четларига лотоклар ўрнатилди, йўлакчалар барпо этилди. Умуман, автомобилларнинг эркин ҳаракатланиши ва йўловчилар учун катта қулайликлар яратилди.
Бундан ташқари, ҳудудидаги йўллар четларига "Андижонйўлкўкалам" унитар корхонаси томонидан 20 минг тупга яқин терак ва павлония кўчати ўтқазилди. Эндиликда маҳалла яшил ҳудудлардан бирига айланади.
[gallery-16173]
Амалга оширилган ишлар натижасида маҳалла йўллари равон ва янада обод бўлди, ҳудуд аҳолисига катта қулайликлар яратилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари