Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла янгиланишларнинг асосий бўғинига айланди
13:53 / 2025-04-19

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида жорий йилнинг май-июль ойларида бўлиб ўтадиган маҳалла раиси сайловларини ташкил этиш ва ўтказишга оид матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Жавдатхон Иноғомов кейинги йилларда маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш, тизимни босқичма-босқич ривожлантириш, унинг молиявий имкониятларини янада кенгайтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилаётганини эътироф этди.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан маҳалла тизимининг аниқ механизми белгилаб берилгани диққатга сазовор. Маҳаллага қўшимча куч ва имкониятлар тақдим этиляпти, ваколат ҳам, масъулият ҳам қуйи тизимга туширилмоқда.

Натижада маҳалла ҳар бир оила, ҳар бир инсон муаммоси, дарду ташвишига чуқур кириб бора оладиган халқчил тузилма сифатида янада фаоллашди.

Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори “маҳалла еттилиги”ни ташкил қилиб, ягона жамоа сифатида ишлаш тартиби жорий этилди.

Бугунги кунда, 9 минг 452 та маҳаллада 57 минг 132 нафар “Маҳалла еттилиги” аъзолари фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ эндиликда маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди.  

Шунингдек, Ватанимиз тарихида илк бор сайловлар янгича демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора, фуқароларимизнинг хоҳиш ва иродасини эркин ифода этиш принципларига хос тарзда ўтказилади.

Қонунчиликдаги муҳим ўзгартиришлардан яна бири – маҳалла раиси сайловини ўтказиш муддатларини белгилаш нормаси эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари ваколатига ўтказилган бўлиб, ушбу ўзгартириш жойлардаги маҳаллаларнинг маҳаллий вакиллик органлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишига ёрдам беради.  

Бундан кўзланган асосий мақсад маҳалла раиси сайловига тайёргарлик тадбирлари, ўтказиш муддатлари ва тартибини белгиловчи ваколатларни номарказлаштириш ҳисобланади.

Қонунга киритилган муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар фуқаролар йиғини сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга, сайловга тайёргарлик тадбирларини ўтказиш муддатлари ва тартибини белгиловчи ваколатларни номарказлаштиришга, фуқаролар йиғинлари раисларини ўз билим ва қобилиятларини тўлиқ намоён этишларига хизмат қилади.

Шунингдек, матбуот анжуманида Маҳаллалар уюшмаси томонидан 2024 йилда бажарилган ишлар ҳисоботи ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар муҳокамаси ҳам бўлиб ўтди.  

Маълумотларга кўра, ҳозирда  юртимиздаги маҳаллалар тўлиқ замонавий шаклда фаолият олиб бориб, мамлакатимиздаги  ислоҳотларнинг локомотив бўғинига айланди. 

Ўтган давр мобайнида “маҳалла еттилиги” томонидан аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, оилаларда тинчлик-тотувлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этиш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилди.  

“Маҳалла еттилиги”нинг ўтган бир йиллик фаолияти давомида 4 минг 901 та (52 фоиз) маҳалла жиноятчиликдан, 2 минг 930 та (31 фоиз) маҳалла оилавий ажримдан, 1 минг 795 та (19 фоиз) маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилди.

Аҳоли мурожаатларининг қарийб 80 фоизини маҳалланинг ўзида ҳал этиш тизими йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир ташаббуси билан маҳалла ободлигини яхшилашда аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича 208 та туман (шаҳар)нинг 1 тадан маҳалласида “Маҳалла сервис компанияси” ташкил қилинди.

Ўзбекистон мисолида илк маротаба “Аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусида I халқаро конференция ўтказилди.

Жорий йилнинг май-июль ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғини раислари сайловига Республика штаби ва жойлардаги комиссиялар томонидан қизғин тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан, Маҳаллалар уюшмасида Республика штаби, 14 та ҳудудда ҳамда 208 та туман ва шаҳарларда маҳалла раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар қошида штаблар фаолияти йўлга қўйилди.

9 минг 452 та маҳалладаги ишчи гуруҳларнинг иш самарадорлигини ошириш учун 10 турдаги канцелярия маҳсулоти, ҳар бир маҳаллага сайловга оид тарғибот плакатлари, сайловга чорловчи баннерлар ҳамда номзодлар ва сайловга оид маълумотлар стенди билан таъминлаш кўзда тутилган.

14 та ҳудудда Кенгашларнинг сессиялари ўтказилиб, маҳалла раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари (жами 338 нафар аъзолардан иборат) ва чора тадбирлар режаси тасдиқланди.

208 та туман (шаҳар) Кенгашлари сессиялари қарори билан фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туманлар ва шаҳарлар комиссиялари (жами 4 090 нафар аъзолардан иборат) тасдиқланди.

Маҳалла раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича 9 минг 452 та маҳаллада фуқаролар йиғинлари вакиллар йиғилишлари қарори билан ишчи ишчи гуруҳлар (85 150 нафар аъзолари) тасдиқланди.

Адлия вазирлиги билан биргаликда жорий йилнинг февраль-март ойларида кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар аъзолари ўқитилди.

Шунингдек, улар фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича “Маҳалла раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича” услубий тавсия, “Маҳалла сайловига оид 100 саволга 100 жавоб” ва “Маҳалла раиси сайловига оид норматив-ҳужжатлар тўплами” услубий қўлланмалари, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича “Ишчи гуруҳлар учун эслатма” ишлаб чиқилиб, ҳудудларга етказилди.

Май-июль ойларида бўлиб ўтадиган сайловларда ишчи гуруҳлар томонидан 208 та туман (шаҳар) кўмаклашувчи комиссияларнинг қарори билан 9452 та маҳаллада вакиллар миқдори белгиланди. Сайловда 2 миллион 591 минг 823 нафар вакил иштирок этиши кутилмоқда.

Матбуот анжуманида сайлов кампаниясининг расмий белгиси ва шиорлари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, жамоатчилик фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан атрофлича жавоб олишди.  

Н.Усмонова, ЎзА