Маҳаллалар ободлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли катта. Шу боис кейинги йилларда маҳалла инфратузилмасини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилиб, биринчи навбатда маҳалла маъмурий биноларини тубдан янгилаш, моддий техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қашқадарё вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Куни кеча Нишон туманидаги “Жануб машъали” маҳалласининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
– Байрам арафасида маҳалламиз идорасининг янги биноси фойдаланишга топширилганидан мамнунмиз, – дейди Тилло Кўчибоев. – Шу кунгача маҳалламизнинг ўз бино йўқ эди. Маҳалла ташкил этилган пайтда дастлаб раис ўзининг уйини идора қилиб фойдаланди. Кейин тадбиркорнинг жойини ижарага олди. Албатта ўз биноси бўлмагандан кейин унинг аҳолига хизмат кўрсатиши ҳам ўзига яраша бўлади. Мана энди маҳалламизнинг ўз идораси бор. Энди аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ҳам яхшиланади.
Маҳалла маъмурий биносининг очилиш маросимида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви раиси, туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари иштирок этди.
[gallery-13330]
Тадбирда тизимга яратилаётган имконият ва шароитлар халқнинг оғирини енгил қилиш, ислоҳотларни аҳолига етказиш, ижросини таъминлаш, аҳолининг муаммоларини бартараф этишга қаратилгани таъкидланди. Фонднинг вилоят бўлими томонидан ушбу маҳалла биноси учун мебель ва компьютер жамланмалари топширилди.
Мамлакатимиз мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган мазкур бино маҳалла аҳли учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Шу куни маҳаллада истиқомат қилаётган кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдам учун сертификатлар, шунингдек, бир нафар фуқарога тикув машинаси ҳам топширилди.
Байрам арафасида бу каби эзгуликка йўғрилган хайр-саховат тадбирлари давом этмоқда.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.