Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла янги бинода
15:36 / 2025-09-24

Қарор ва ижро

Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Мирзоқул” маҳалла фуқаролар йиғинида уч қаватли, замонавий хизмат кўрсатиш маркази қуриб фойдаланишга топширилди.

Мазкур бино Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида замонавий қиёфа касб этди. 

Йигирма сотих ер майдонида бунёд этилган бу марказда аҳоли учун ижтимоий, маиший ҳамда маъмурий хизматлар кўрсатиш имконияти яратилган. Жумладан, маҳалла марказининг ерости қаватида мева-сабзавотларни саралаш ва қадоқлаш бўйича махсус хона ва ёрдамчи хоналар ташкил этилди. 

Бинонинг биринчи қаватида аёллар ва эркаклар учун сартарошхона, гўзаллик салони, дорихона, банк вакиллари учун, яна маҳалла маъмурияти, раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва профилактика инспектори учун хизмат хоналари мавжуд. Айни пайтда бу иншоотда давлат хизматлари маркази, қандолат цехи ва замонавий савдо дўкони ҳам аҳолига хизмат кўрсатади. 

Шунингдек, бинода касбга йўналтириш маркази, кимёвий тозалаш хизмати, замонавий фитнес зали, тикувчилик цехи, маиший техника устахонаси ва ёшлар маркази жойлашган бўлиб, ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Янги хизмат кўрсатиш марказини фойдаланишга топширилишида маҳалла нуронийлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур лойиҳа аҳамияти, унинг маҳалла ҳаётидаги ўрни, яратилаётган қўшимча иш ўринлари хусусида тўхталди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.