Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси (Қўмита) ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Қўмита оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Оила ва хотин-қизлар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари қўмита билан мажбурий тартибда келишилади.
Фармонга кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари негизида тегишинча Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Вазирлик нуроний ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, маҳаллалар билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Маҳалла, нуроний ва кексалар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлик билан мажбурий тартибда келишилади.
Фармонга кўра, маҳалла раисига қўшимча ҳуқуқлар берилди.
Маҳалла раиси, жумладан, туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторларини рағбатлантириш ёки уларга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича мазкур ходимларнинг юқори турувчи ташкилотларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиши мумкин.
2022 йил 1 июлгача “Маҳалла тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Фармон билан шунингдек, аҳоли муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш ҳамда мурожаатларни давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқишнинг бир-бири билан узвий боғланган тўрт поғонали “маҳалла–туман–вилоят–республика” тизими жорий этилди.
ЎзА