Навоий вилояти ҳокимлигида маҳаллалар фаоллари, раислари, секторлар мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари иштирокида 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан тадбир ўтказилди.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов тизим ходимларини табриклаб, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилгани, Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари ташкил этилиб, “маҳалла еттилиги”нинг иш бошлагани, аввало, муаммоларнинг қуйи бўғинда ҳал этилаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Бугунги кунда вилоятдаги мавжуд 330 та маҳаллада ҳам “маҳалла еттилиги” фолияти йўлга қўйилиб, ободонлаштириш ва кўкламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, миллий қадриятларни сақлаш, ёшларни она ватанга муносиб инсонлар қилиб тарбиялаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда вилоятда тўртта маҳаллада “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” тамойиллари жорий этилиб, маҳаллалар янгича қиёфа касб этмоқда.
[gallery-16566]
– Бизнинг маҳалла вилоят марказидан қарийб 250 километр олисда жойлашган бўлиб, қўшни Қозоғистон давлати билан чегарадош, – дейди Конимех туманидаги “Учтепа” овул фуқаролар йиғини раиси Олжас Исаев. – Маҳалламизда 638 та оилада 2260 нафар аҳоли истиқомат қилади. 2021 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳудудимизда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ҳозир кўчаларимиз равон, асфальтлаштирилган. Тиббиёт пункти, мактаб, боғча турли савдо дўконлари фаолият кўрсатиб турибди. Хуллас, аҳолимизнинг турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида давлатимиз томонидан барча шароит ва қулайликлар яратиб берилган.
Мазкур байрам муносабати билан Президентимизнинг тегишли фармонига кўра, Конимех туманидаги “Учтепа” овул фуқаролар йиғини раиси Олжас Исаев “Дўстлик” ордени, Нурота туманидаги 18-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби кутубхона мудири Адолат Солиева эса “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Шунингдек, бир гуруҳ маҳаллалар фаоллари “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонига муносиб кўрилди.
Тадбирда ушбу мукофотлар тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари