Маҳалла институти – Ўзбекистондаги қадимий ва ўзига хос фуқаролик жамияти институтларидан бири бўлиб, халқни бирлаштириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишда муҳим роль ўйнайди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, маҳалла – ўзини ўзи бошқаришнинг ўзбек халқи анъаналари ва қадриятларига хос усули, унинг тарихи қадим замонларга бориб тақалади.
“Маҳалла” атамасининг келиб чиқиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у арабча сўздан олинган бўлиб, “турар жой”, “қўналға”, “шаҳарнинг бир қисми” деган маъноларни англатади.
У айнан Марказий Осиёда шаклланган маданият, маърифат, урф-одат, анъана ва ахлоқий меъёрлар воситаси бўлгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Мустақилликдан сўнг маҳалла институтининг мақоми сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди ва ҳозирги кунга келиб, маҳалла масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Зотан, кўп миллатли жамиятда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий ва умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик, маданиятлараро мулоқот, турмуш тарзи, тафаккур, меҳр-оқибат, маънавиятни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришда ҳам маҳалланинг ўрни беқиёс аҳамият касб этади.

Кейинги йилларда маҳаллани жамият бошқарувининг халқ қадриятларига асосланган тизими сифатида ривожлантириш мақсадида кўплаб қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди, уларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиб, бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилди. Бугунги кунга келиб, маҳалла фаолияти асосан 2 та қонун ва 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган.
Таъкидлаш лозимки, Конституциямизнинг 127- моддасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқаролар манфаатлари, миллий қадриятлар, маҳаллий урф-одат ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этиши белгиланган.
Қолаверса, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 74- мақсадида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳудудларда кундалик масалаларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айлантириш каби вазифалар ўз ифодасини топган.
Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида маҳаллаларнинг ваколатлари кенгайтирилиб, уларнинг молиявий мустақиллиги кучайтирилди, маҳалладаги ишларнинг ҳолати вазирлик, идора ва ҳокимликлар фаолиятини баҳолашнинг бош мезони сифатида белгиланди. Шу билан бирга, барча даражадаги раҳбарлар маҳалла орқали ўз йўналиши бўйича муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиши тартиби жорий этилган бўлиб, аҳолининг маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат қилиш ва уларнинг раҳбарлари билан мулоқот қилиш тизими яратилди.
Бир сўз билан айтганда, “Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак” тамойили асосида давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилди. Соҳани ҳар томонлама ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим тамойил ва дастурлар тизимли амалга оширилмоқда.
Жумладан, “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла”, “маҳалла раиси – бош ислоҳотчи” тамойиллари, “маҳаллабай”, “хонадонбай” тизими асосида иш олиб борилиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оила, хотин-қизлар ва ёшларга зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Биргина 2024 йилнинг ўзида Андижон вилоятида истиқомат қилувчи “Аёллар дафтари”га киритилган 30 минг 167 нафар хотин-қизга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.
Шунингдек, маҳалла ва қишлоқ инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари асосида оғир турмуш шароитида яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига манзилли кўмаклар берилмоқда. Алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилнинг май-июль ойларида муҳим ижтимоий-демократик жараён – фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш белгиланган.
Жорий йилнинг 11 февраль куни “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, МФЙ раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди.
Аввалги қонунчиликка биноан, фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддати 2,5 йил, кейинчалик эса 3 йил этиб белгиланган эди. Бу ўз навбатида, МФЙ раисларига ўзининг билими, тажриба ва маҳоратини янада тўлиқроқ намоён қилиш имконини беради.
Маҳалла раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар қошида штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Комиссияларнинг маҳалла раислари сайловига доир тайёрлаган 32 турдаги ҳужжатлар лойиҳаси ҳудудларга етказилди.
Сайлов ўтказиладиган кун, вақт, жой ва иштирокчилар ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг mahallas.uz расмий веб-сайтида мунтазам жойлаштириб борилмоқда.
Бундан ташқари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларининг номи маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари сифатида ўзгартирилди.
Бугунги кунда 3,5 миллион нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Андижон вилоятининг 2 та шаҳар ва 14 та туманида жами 909 та МФЙ мавжуд бўлиб, айни кунларда ушбу маҳаллаларда фуқаролар йиғини раиси сайловлари ташкилий жиҳатдан уюшқоқлик билан ўтмоқда. Маълумотларга кўра, шу кунга қадар вилоятдаги 300 га яқин МФЙда сайловлар ўтказилиб, уларда 70 минг нафардан зиёд вакиллар иштирок этди.
Эндиликда раисликка муносиб номзодларни танлаш борасида масъулиятли бўлиш, янги сайланган фуқаролар йиғини раислари орасида муддатидан олдин ўз ваколатларини топшириш ҳолатларига йўл қўймаслик ва барча фуқаролар ушбу жараёнга ўзини дахлдор, деб билиши талаб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, маҳалла – янги Ўзбекистон тараққиётида муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлган фуқаролик жамияти институтларидан биридир. Унинг самарали фаолияти мамлакатда осойишталик ва барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва жамоатчилик жипслигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Тўлқинжон Каримов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази етакчи мутахассиси.
Адҳамжон Узоқжанов,
Марказнинг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА