Шароф Рашидов туманида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров раҳбарлигида содир этилган жиноий ишларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ўтган 2025 йил давомида ҳудудда юз берган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Йиғилишда туманнинг “Қатортол” маҳалла фуқаролар йиғинида кузатилган жиноий ҳолат юзасидан масъул идоралар ахбороти тингланди. Мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари, уни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Муҳокамалар жараёнида маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Таъкидланганидек, 2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да маҳалла институтининг роли янада оширилиб, жиноятчилик профилактикасида жамоатчилик назорати ва фуқаролар фаоллигини кучайтириш устувор вазифа бўлиб қолади.

Шунингдек, профилактик тадбирларда маҳалла фаоллари, таълим муассасалари, нуронийлар ва тегишли идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳар бир ҳудудда “жиноятга йўл йўқ” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида ҳудуддаги криминоген вазият яна бир бор таҳлил қилиниб, аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш ҳамда профилактика ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири