Жиззах шаҳрида “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ташкил этилган ўқув-семинар маҳаллий бошқарувда жамоатчилик иштирокини янада кучайтиришга қаратилган навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда.
Тадбирда шаҳар ҳокимлиги вакиллари, маҳалла фаоллари, жамоатчилик аъзолари ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутахассислари иштирок этиб, дастурни амалга оширишдаги мавжуд муаммолар ва истиқболли йўналишлар атрофлича таҳлил қилинди. Асосий эътибор “Ташаббусли бюджет” орқали илгари сурилаётган лойиҳаларнинг ижтимоий самарадорлиги ва уларни молиялаштиришда шаффофликни таъминлаш масалаларига қаратилди.
Маълумки, ушбу механизм сўнгги йилларда маҳаллаларда аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан лойиҳаларни амалга оширишда самарали воситага айланди. Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, баъзи ҳудудларда лойиҳаларни шакллантириш, овоз бериш жараёнларида фаолликнинг етарли эмаслиги ёки техник хато ва тушунмовчиликлар учраб турибди. Семинарда айнан шу жиҳатлар танқидий таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Хусусан, 2026 йилдан жорий этилиши режалаштирилаётган янгиликлар “Ташаббусли бюджет”ни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши қайд этилди. Жумладан, ҳар бир мавсумда танловда ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан биттасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ташаббуси билан амалга ошириш амалиётининг йўлга қўйилиши жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни аҳоли ва давлат шериклиги асосида молиялаштириш механизмларини жорий этиш маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириши, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишга туртки бериши мумкин.
Семинар жараёнида иштирокчиларга амалий мисоллар орқали лойиҳаларни пухта ишлаб чиқиш, смета ҳужжатларини тўғри расмийлаштириш ва овоз бериш жараёнида фаол иштирок этиш бўйича тавсиялар берилди. Мутахассислар таъкидлашича, аҳолининг ҳуқуқий ва молиявий саводхонлиги ошган сари “Ташаббусли бюджет”нинг таъсир доираси ҳам кенгайиб боради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бундай ўқув-семинарлар нафақат аҳолининг фаоллигини оширади, балки маҳаллий даражада қарор қабул қилиш жараёнларида жамоатчилик иштирокини институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА