Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги Дўстлик маҳалласида аҳолига қулайликлар яратиш ва коммунал хизматларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида маҳалла сервис компанияси фаолияти йўлга қўйилди. Янги компания аҳолига 23 турдан ортиқ хизматлар кўрсатади ҳамда маҳалла ҳудудидаги 2,5 км ариқ, 3 км пиёдалар йўлаги ва 9 та кўчанинг тозалигини таъминлайди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов, туман ҳокимлиги ва маҳалла уюшмаси ходимлари, кенг жамоатчилик ҳамда маҳалла аҳолиси вакиллари иштирок этишди.

– Сардобада йўлга қўйилган маҳалла сервис компанияси аҳолига турли коммунал ва техник хизматларни осон ва тез олиш имконини беради. Қолаверса, бу маҳалла аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш, атроф-муҳитни тозалаш ва фаровон муҳит яратишда муҳим қадам ҳисобланади. Янги хизматлар маҳаллада ҳаёт сифати ва қулайликни сезиларли даражада оширади, – дейди Уйғун Ҳотамов.

“Дўстлик” маҳалла сервис компанияси ҳудуддаги бўш ер майдонларни чопиш, тозалаш ва аҳоли томорқасига хизмат кўрсатиш учун мотокультиватор, моторол ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Қурилиш ва жиҳозлар учун 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Очилиш маросимидан сўнг, Яшил макон умумий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ва боғ яратиш ишлари ҳам амалга оширилди. Унда мингдан зиёд манзарали ва мевали кўчатлар экилиб, маҳалла аҳолиси учун янада яшил ва қулай муҳит яратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири