Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Навоий вилояти бошқармаси томонидан туман ва шаҳарларда Фарғона вилояти, Бағдод тумани, “Юксалиш” МФЙ тажрибаси асосида ташкил этилган “Маҳалла сервис компаниялари”га 72 миллион сўмлик 11 турдаги техника ҳамда жиҳозлар топширилди.
Бугунги кунда юртимизда маҳаллалар ободлигини таъминлаш, уларни сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишнинг янги механизмларини жорий қилиш, аҳоли ва коммунал хизмат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда маҳаллалар ҳудудида яшовчи аҳолини маҳалла ободлигига кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида ҳам ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан “Маҳалла сервис компанияси” фаолияти йўлга қуйилди.

– Мазкур сервис компаниялари маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бажариб, ариқлар ҳамда суғориш тизимларини тозалайди, кўчаларнинг тозалигини таъминлайди, кўчатлар экиб, парваришлайди, – дейди бошқарма бошлиғи Ғофир Алиев. – Шунингдек, улар шартнома асосида чиқиндиларни йиғиб саралайди, уларнинг махсус корхоналар томонидан олиб чиқиб кетилишини ташкил этади, ижтимоий соҳа объектларида ободонлаштириш ва коммунал эксплуатация хизматларини кўрсатади. Бундан ташқари, сервис компаниялари аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ерга ишлов, дарахтларга эса шакл бериш, маиший техникалар ва уй жиҳозларини таъмирлаш, электрик ва сантехник хизматлари каби бир қатор ижтимоий аҳамиятдаги пулли хизматлар кўрсатиш билан ҳам шуғулланади.

Қарорда белгиланганидек, сервис компаниялари маҳаллани обод қилиш билан боғлиқ ишларни бажариш, шунингдек, аҳолига бошқа турдаги ижтимоий аҳамиятдаги хизматларни кўрсатиш доирасида фойда, мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда ижтимоий солиқ тўловларини тўлашдан, ишчи ва ходимлари эса жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

А.Бўриев, ЎзА мухбири