French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла ривожига энг илғор ғоялар татбиқ этилади
13:07 / 2026-01-26

Президентимиз Олмазор туманига ташрифи доирасида туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди. Мутасаддиларга туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишларни янада такомиллаштириш, маҳаллалардаги тарихий муҳитни асраб-авайлаган ҳолда иқтисодий фаолликни ошириш, энг муҳими, одамлар манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимни шакллантириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси доценти Мансур Юнусов шу ҳақда муносабат билдирди: 

– Давлатимиз раҳбари миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирар экан, туристлар учун шароит яратишни янада яхшилаш ҳақида фикр билдирди. 

“Масалан, ҳунармандчилик – миллийлигимизни ифодалайдиган асосий йўналишлардан бири. Шу боис ҳунармандлар маҳсулот ишлаб чиқариши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш бизнинг вазифамиз. Малакали кадрлар тайёрлаш зарур. Шу мақсадда ҳунармандлар университетини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Биз тадбиркорлар билан учрашяпмиз, эндиликда ҳунармандлар билан ҳам алоҳида учрашувлар ташкил этамиз”, деди Президент.

Айтиб ўтиш жоизки, Олмазор туманида бугунги кунда 300 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Олмазор туманида қадимий ёдгорликлар қад ростлаган Хастимом мажмуи ва унга яқин Зарқайнар дунё сайёҳларини ўзига мафтун этиб келаётган жой ҳисобланади. 

“Эски жува” бозори яқинлиги боис, бу жойда ўзбек халқининг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналари ва қадриятлари акс этган ҳунармандчилик, кулолчилик ва зардўзлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади. 

Дарҳақиқат, Зарқайнар гўшаси яқинида Ислом цивилизация марказининг қад ростлагани сайёҳлар қизиқишини янада оширди.  

Учрашувда давлатимиз раҳбари талаба-ёшлар ўртасида маҳаллани ривожлантириш дастурлари танловини жорий этиш таклифини берди. Бугунги ёшларнинг креатив фикрлаши ва инновацион ёндашуви, албатта, Ватан ичида Ватан бўлган маҳалланинг янада тараққий этишига хизмат қилади. 

Айниқса, Олмазор туманида бунинг амалда таъминланиши яхши самара беради. Чунки туманда йирик олий ўқув юртлари жойлашган. Маҳаллалар ҳамда олий таълим муассасалари ҳамкорлиги ривожланиши эса бу йўналишда илмий ишлар олиб борилишига йўл очиши мумкин. 

Бундай ёндашув эса маҳалла ривожига энг илғор ғоялар татбиқ этилиши, халқ ҳаёти янада яхшиланиши, туризм ривожланишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова,

ЎзА