Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла раиси МИБ ходимига болта билан ташланди
15:27 / 2021-01-21

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг суд қарорларини ўз вақтида ижро этилишига масъул бўлган давлат ижрочиларининг ўз хизмат вазифаларини амалга ошираётганларида айрим фуқаролар томонидан жиддий қаршилик кўрсатилиб, аъламини МИБ ходимларидан олаётганларига тез-тез гувоҳ бўлиб бораяпмиз.

Бундай кутилмаган ва кескин ҳолатларда ўзининг ғазабига ва муштига эрк бераётган фуқарога нисбатан қонунларимизда жавобгарлик муқаррар.  

Суд қарори қабул қилинганидан сўнг унинг ижросини муҳокама қилмасдан, амалда таъминланишига масъул бўлган бу идора ходимларининг ижро ишини тўхтатиш учун кимдир уларга бензин сепиб ёқиб юбормоқчи бўлаётгани, яна кимдир ўткир жисмлар билан жароҳат етказиб, масалага нуқта қўймоқчи бўлаётгани жуда ташвишланарли.  

Барча фуқаролар ҳам суд томонидан чиқарилган қарорга асосан, зиммаларидаги қарздорликни эрта-кечми барибир тўлашлари шартлигини англайвермайдилар. Қарздорликни ундиришга масъул бўлган МИБ ходимига тан жароҳати етказиш, ҳақорат қилиш ёки бошқа бир қаршилик қилиб қарздорликдан қутилиб бўлмаслигини тушунавермайди. Ўзларининг ғазаб ҳиссиётларини бошқара олмай бир жавобгарлик устига иккинчи жиддий жавобгарликни «сотиб олаверишади».

Ўз хизмат вазифасини бажараётган МИБ ходими суд қарори тўлиқ ижро этилмагунга қадар барибир қарздор фуқарони безовта қилаверади. Буни тўғри тушунган ҳолда қонунларга амал қилишимиз ва мажбуриятимизга юкланган суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилишини англаган ҳолда имкон қадар тезроқ бўйнимиздаги қарзни бартараф этганимиз маъқул эмасми?  

2021 йилнинг 20 январь куни соат тахминан 14:00лар атрофида МИБ Касби тумани бўлими давлат ижрочиси Ф.Хўжаев ва А.Нафасов, В.Мўминовлар ҳамда Касби туман Давлат солиқ инспекцияси инспектори Ш.Довутовлар давлат ижрочиси Ф.Хўжаевнинг иш юритувида бўлган қарздор Б.Қ.дан давлат фойдасига 10.731.742 сўм солиқ қарздорлиги ҳамда 429 270 сўм давлат божини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати юзасидан қарздор Б.Қ.нинг яшаш манзили – Касби тумани «Хўжақарлиқ» ҚФЙга боришади.

МИБ ходимлари ижро ҳаракатларини амалга ошираётган вақтда қарздор Б.Қ. яшаш хонадонидан болта олиб чиқиб, давлат ижрочиси А.Нафасовга ижро ҳаракатларини амалга оширишга жиддий тўсқинлик қилади ва унинг чап елкасининг орқа томонига болтанинг тиғли тарафи билан уриб тан жароҳати етказади.  

Масаланинг диққатли томони шундаки, қарздор Б.Қ. маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаб келаётган шахс бўлган. Унинг солиқдан бўлган 10 млн. сўмдан ортиқ қарзи мавжуд бўлиб, зиммасидаги мажбуриятдан бўйин товлаб юрган.  

Табиийки, ушбу ҳолат бўйича ҳам, тан жароҳати етказган шахсга нисбатан жавобгарлик албатта таъминланади. Лекин бундай қаршиликлар эл ишонган мансабдор шахс томонидан содир этилгани жуда ачинарли ҳол.  

Болта билан ҳужум қилган маҳалла раисининг ҳаракатларига нисбатан ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Касби туман прокуратураси терговга қадар суриштирувни бошлаб юборган.  

 

 

ЎзА