French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла ўзгарса, бутун жамият ўзгаради
19:43 / 2025-07-21

Бугун юртимизда кечаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз кетганда маҳалла тизимида амалга оширилаётган ишлар кўп бора тилга олинмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки, маҳалла – Ватан ичра кичик Ватандир.

Бундан тўққиз йил олдин, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, ташаббуси билан маҳалла тизимида босқичма-босқич туб ўзгаришлар бошланди.

Давлатимиз раҳбарининг “маҳалла обод бўлса – мамлакат обод бўлади”, – деган пурмаъно сўзлари бор. Шу мақсадда 2018 йил март ойида республикада биринчилардан бўлиб намуна асосида Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Манас” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод маҳалла” дастури амалга оширилди. Манас қишлоғи 45 кун ичида таниб бўлмас даражада ўзгарди. Ободонлаштириш ишлари бошланишдан олдин, бинолари эски, йўллари лойга беланган ўз ҳолича ташлаб қўйилган, муаммолар гирдобига тушиб қолган қишлоқ эди.

 “Манас”да қисқа фурсатда замонавий маҳалла маркази, маданият саройи, боғча, поликлиника, спорт майдончаси янгидан барпо этилди. Аҳолини иш билан таъминлашга, тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Халқимиз жуда катта хушнудлик ва кўтаринкилик билан қарши олган давлат раҳбарининг янги ташаббуси аста-секин республикамизнинг барча ҳудудларида қулоч ёйди. Ҳаттоки, қўшни давлатлар вакиллари ҳам бу тажрибани ўрганиш мақсадида “Манас”га келиб-кетгани бор ҳақиқат.

Ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда маҳалла тизимининг нуфузини ошириш, уни чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди. 

 Мамлакат етакчисининг, айни пайтда ҳам маҳаллаларни ислоҳотлар масканига айлантиришга эътибор қаратгани бежиз эмас. Чунки, маҳаллалар жамиятимиз ҳаётида қадим-қадимдан муҳим ўрин тутиб келган. Масалан, IX асрнинг охири ва X асрнинг бошларида яшаб ўтган, Марказий Осиё тарихнавислигининг илк қадимий дурдоналаридан бири бўлмиш “Тарихи Бухоро” асари муаллифи Абу Бакр Наршахий Бухорода ўша даврларда бир қанча обод маҳаллалар бўлганини қайд этган. Маҳаллалар, айниқса, Амир Темур даврида янада равнақ топган. Маҳаллалар аҳолининг касб-кори асосида шаклланган ва шунга мос номланган. Масалан, заргарлар яшайдиган маҳалла “Заргарлик”, совун ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар яшайдиган маҳалла “Совунгарлик”, мисгарлар яшайдиган маҳалла “Мисгарлик”, темирчилар яшайдиган маҳалла “Темирчилар” ва ҳоказо...

Лекин собиқ шўро тузуми даврида маҳаллага ҳам ўтмиш сарқити деб қаралди.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида маҳалла тизимида бир қанча ўзгаришлар бўлган бўлса-да, маҳалла идоралари фақат давлатдан ажратилган моддий ёрдамни бўлиш, оммавий пахта теримига ёки бошқа жамоат ишига одамларни жалб қилиш ва маълумотномалар берадиган номи улуғ, супраси қуруқ бюрократик аппаратнинг бир қисмига айланди. Кўплаб маҳаллаларнинг ҳатто, идораси йўқлиги, турли жойларда ижарага жойлашгани ҳам одамларга ноқулайликлар туғдирарди.

Бугунга келиб муҳтарам Президентимиз ташаббуси ва метин иродаси туфайли маҳаллаларда вазият тубдан ўзгарди. Айни пайтда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар билан ишлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

Маҳаллаларни ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудудга айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам диққатга сазовор.

Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, маҳалла банкири ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма – “маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилди. Бу маҳаллалардаги иқтисодий, маънавий-маърифий муҳитни тубдан ўзгартирди. 

Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олган туб ислоҳотларни “маҳаллабай” асосида амалга ошириш, барча қишлоқ ва маҳалларимизни жадал ривожлантиришга энг долзарб масалалар сифатида қаралмоқда. Шунинг учун ҳам  Президентимиз бу борада бўлиб ўтаётган видеоселектор мажлисларида “маҳаллабай” ишлаш усули орқали улардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш тўғрисида қайта-қайта таъкидламоқда. Шундай экан, бугун давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган ҳақли талаб, яъни вазирликлардан тортиб, то қуйи бўғин раҳбарларигача “маҳаллабай” тизимида ишлаши, аҳолининг дард ва ташвишларини билиши, мавжуд муаммоларни бартараф этибгина қолмай, ишга солинмаган ички захиралардан фойдаланишда янги ўсиш нуқталарини топишда ўз самарасини бермай қолмайди.

Лекин айрим ўз вазифасига виждонан киришмаган ва олиб борилаётган ислоҳотларга етарлича эътибор қаратмаётган қуйи ва ўрта бўғин мутасаддиларининг лоқайдлиги туфайли айнан жойида ечим топиши мумкин бўлган кўпгина муаммолар, юқори турувчи вазирлик ва идораларгача чиқиб бораётгани афсусланарли ҳол. 

Мисол учун, вилоят, шаҳар, туман давлат идоралари томонидан такрорий мурожаатларнинг жойига чиқиб, муаллиф иштирокида тўлиқ кўриб чиқилмаётганлиги, шунингдек, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари таҳлил этилмаётганлиги боис Жиззах вилояти бўйича 585 та такрорий мурожаат келиб тушган.

Мазкур масалалар таҳлил қилиб ўрганиш даврида шу нарса аён бўлдики, ҳар бир масалага жиддий ёндашилса, ушбу мурожаатларнинг 60-65 фоизи вилоят, шаҳар ва туман миқёсида ижобий ечим топиши мумкин.

Афсуски, айрим “маҳалла еттилиги” вакиллари ушбу мурожаатларнинг ижобий ечимига бефарқ бўлмоқда. Айрим маҳаллаларда “хонадонбай”, уйма-уй юриб ўрганишларда чиқарилган хулосалар ҳам фақат ҳисобот учунгина қилинаётгандек гўё. Чунки, хонадонма-хонадон, уйма-уй юриб, одамлар билан мулоқот давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни фақатгина қайд этмасдан, уни бартараф этишга киришилса, жон куйдирилса, кўпгина муаммоларни айнан жойида ҳал қилиш мумкин.

Маҳаллани жойлардаги муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантириш – замон талаби. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳозирги таҳликаларга ечим топамиз десак, бизнинг ягона йўлимиз – маҳалла, маҳалла, маҳалла ва бир марта маҳалла. Маҳалла тизими обрўйини қанча кўтарсак, одамлар ишонади, одамлар биздан рози бўлади”.

–Бир пайтлар арзимаган муаммога ечим истаб, дардимизни кимга айтишни билмай, у идорадан бу идорага югурган пайтларимиз кўп бўлган. Бугун эса тамомила бошқача тизим, яъни вазирдан тортиб вилоят, туман, шаҳар мутасаддилари ҳам халқнинг олдига келиб учрашяпти. Муаммоларни қўрқмасдан айтяпмиз. Илгаригидек, “Сен раҳбариятни танқид қилдинг” деб тазйиққа олишлар йўқ. Кўпчиликнинг фикри билан ҳамма ҳисоблашяпти. Демократия – дегани  аслида шу бўлади. Бунинг учун Президентимизга қанча раҳмат айтсак кам, – дейди Зомин тумани Сойчи қишлоғида яшовчи Абдували бобо Мажидов.

Сайловчилар билан мулоқот давомида Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар нақадар тўғри ва халқчил эканлигига яна бир карра амин бўлдим. Агар мутасаддилар фидоий бўлиб, аҳоли дарди ва ташвишига ечим топишга, одамларни рози қилишга виждонан интилса, ислоҳотлар самараси оддий инсонлар ҳаётида бўй кўрсатади. Қолаверса, маҳаллалардаги ечимини кутаётган долзарб вазифаларнинг аксарияти ҳудуднинг ўзида туман (шаҳар), вилоят миқёсида ижобий ечим топади.

Ҳар бир мурожаат ортида одамлар, уларни қийнаётган муаммолар борлигини унутмаслик керак. Жойлардаги мутасаддилар, депутатларнинг биринчи галдаги бурчи – ушбу мурожаат қилган одамларнинг ташвишига ечим топишдан, уларни рози қилишдан иборат. Бундай кезлар халқ ишонч билдириб сайлаган депутатлар – маҳаллий ҳокимлик, маҳалла еттилиги ва аҳоли ўртасида кўприк вазифасини ўташи керак эканлиги маълум бўлиб қолади.

Халқимиз ҳамон депутатларга катта ишонч билан қараётгани, уларга ўз дарди ва ташвишларини айтаётгани халқ ноиблари зиммасидаги масъулиятни янада оширади. Ўзим сайланган 25-“Навоий” сайлов округи ҳудудида сайловчилар билан тез-тез учрашувлар ташкил қилиб тураман. Мазкур сайлов округи Зомин туманидаги 6 та – “Гулшан” ва “Навоий” ҚФЙлар ҳамда “Нурликент”, “Қўштол”, “Пешағор”, “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари, шунингдек, Зарбдор туманидаги 4 та – “Ёшлик”, “Навбаҳор”, “Оқар”, “Тошкесган” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидан иборат. 

Сайловчилар билан ўтказган учрашувларда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларини, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда “маҳалла еттилиги” ва фаолларини ҳам таклиф этяпмиз. Мулоқотлар давомида аҳоли томонидан қилинган мурожаатларни таклиф этилган мутасадди ташкилот вакиллари билан бирга ижобий ҳал этилади. Мисол учун, Зомин тумани “Ёшлик” МФЙда ўтказилган охирги учрашувда сайловчилар томонидан турли масалаларда 14 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатлар мазмунан таҳлил қилинганда, уларнинг 1 таси республика миқёсида, 7 таси вилоят миқёсида ҳал бўладиган масалалар. Қолганлари эса туман миқёсидаги муаммолар. Ушбу мурожаатлар ижросига тегишли мутасаддилар виждонан ёндашса ва қаттиқ назоратга олса, унда кўтарилган муаммоли масалалар албатта ижобий ечим топади.

“Пишағор” МФЙ Сойчи қишлоғида яшовчи Бувсара Хонтўраеванинг ногиронликка чиқариш ва ижтимоий қўллаб-қувватланиш тўғрисидаги мурожаати ҳам тингланди. Мурожаат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси ходимлари иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилди ва ижобий ечим топди.

Демак, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, ҳар бир мурожаатга бефарқ бўлмасдан, уларнинг қувонч-ташвишларини, дарди, муаммоларини билиш, уларни бартараф этиш сўз бирликни, иш бирликни, фидойилик ва масъулиятни талаб қилади.

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойил бугун барча даражадаги идора ва ташкилотлар учун дастуриламалга айланди. Мамлакатимиздаги ислоҳотлар натижалари, содир бўлаётган ўзгаришлар ва бунга аҳолининг муносабати, уларнинг кайфияти, аввало, маҳаллада акс этади, маҳаллада сезилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “...Маҳалла – ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгуси”. Шу сабаб, “юқоридан – қуйига” тамойили асосида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар механизмида маҳалланинг ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда.

Шундай экан, бугун Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлаш, барча бўғин мутасаддиларидан, депутатлардан, фаоллардан ўз зиммаларига юкланган масъулиятни чуқур ҳис қилиб ҳаракат қилишни талаб қилади.

Эркин ХОЛМАТОВ,

O`zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги

партия депутатлик гуруҳи раҳбари

ЎзА