Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла ободлиги — ҳамжиҳатлик самараси
18:16 / 2025-08-23

Мустақиллигимиз байрами арафасида юртимизда миллий қадриятларимизга хос бўлган меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик яна бир бор амалдаги ифодасини топди. “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарлари бутун мамлакат бўйлаб юксак уюшқоқлик ва бирдамлик руҳида кечмоқда.

Сирдарё вилоятида ҳам юз минглаб фуқаролар бир тану бир жон бўлиб, маҳаллаларни обод, хонадонларни файзли, кўчаларни тоза этишга ўз ҳиссасини қўшди.

Ҳашар давомида вилоятдаги 221 та маҳаллада 160 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Улар орасида 80 мингга яқин ёшлар, 61 мингдан зиёд хотин-қизлар фаоллиги алоҳида эътиборга лойиқдир.

Ободончилик ишлари кенг қамровли бўлди. Жами 1 468 гектар майдон ободонлаштирилди, қарийб 2 700 тонна маиший чиқиндилар чиқарилди, 1 303 километр ариқ ва лотоклар тозаланди. 117 мингдан зиёд дарахтларга шакл берилиб, оқланди.

–   Маҳалла ва ҳудудлардаги зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳам эътибордан четда қолмади, –   дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов. –   Жами 118 та қабристон ва 2 та зиёратгоҳ тартибга келтирилди. Шу билан бирга, 5 мингдан ортиқ кўчалар ва юзлаб болалар майдончалари ҳам ободонлаштирилди.

Ҳашар чоғида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга алоҳида кўмак кўрсатилди. Минглаб хонадонлар томорқалари чопилди, уй-жойлари таъмирланди, юзлаб оилаларга моддий ёрдам ажратилди.

–   Биз ёшлигимиздан бу каби умумхалқ ҳашарларида қатнашиб келганмиз, –   дейди Гулистон шаҳридаги “Бўстон” маҳалласи фуқароси, меҳнат фахрийси Нурилла Эгамов. –   Бу анъана халқимизнинг қонига сингиб кетган. Бугун ёшлар, хотин-қизлар,  ҳатто нуронийларнинг ҳам шижоат билан иштирок этганини кўриб, юрагим қувонди. Ҳашарларда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, юртга садоқат намоён бўлди. Шунинг учун ҳам маҳаллаларимиз тобора обод, ҳаётимиз файзли бўлиб бормоқда.

Умумхалқ хайрия ҳашарлари нафақат ҳудудларнинг кўркам қиёфасини янгиламоқда, балки юртдошларимиз қалбида ҳам бирдамлик ва юртпарварлик туйғуларини мустаҳкамламоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири