Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла обод, турмушимиз янада фаровон бўлади
15:26 / 2025-12-29

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган тарихий Мурожаатномасини тинглаб, қалбимда чексиз фахр ва келажакка ишонч туйғусини ҳис қилдим. Айниқса, Президентимизнинг 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифи айни муддао бўлди.

Оддий фуқаро сифатида айтиш мумкинки, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, энг аввало, инсоннинг кундалик ҳаётида – унинг уйи, кўчаси ва маҳалласида яққол намоён бўлади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади”. Шу маънода, маҳалладаги осойишталик ва ҳамжиҳатлик юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳаётбахш натижаларини белгилаб берувчи муҳим омил ҳисобланади.

Мурожаатномада айнан маҳаллани ислоҳотлар марказига қўйиш бўйича илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар бутун халқимизни руҳлантириб юборди.

Биринчидан, эндиликда маҳалла ўзининг муаммосини ўзи ҳал қилиши учун реал молиявий имкониятга эга бўлмоқда. Туман бюджети даромадларини камида икки карра кўпайтириш вазифаси қўйилди. Энг қувонарлиси, 2026 йилдан бошлаб ҚҚС тушумининг маълум қисми ҳудуднинг ўзида қоладиган бўлди ва бу маблағнинг ярми тўғридан-тўғри туман бюджетига ўтказилади. Бу дегани – энди кўчамизни асфальт қилиш, янги электр, ичимлик суви тармоғи тортиш ёки боғчани таъмирлаш учун юқоридан пул келиши кутиб ўтирилмайди. Пул ўзимизда, туманимизда бўлади.

Иккинчидан, “Маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш” учун илк бор 20 триллион сўм маблағ бевосита вилоятларнинг ихтиёрига берилиши – бу тарихий воқеа. Илгари битта трансформаторни алмаштириш учун ойлаб хат ёзиларди. Энди эса муаммоларни тезкор ҳал қилиш имкони яратилди. Президентимиз айтганларидек, юрт ободлиги аввало, маҳалладан бошланади.

Учинчидан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишлари маҳаллабай тизим асосида амалга оширилмоқда. “Маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳаси доирасида ажратилаётган кредитлар ҳисобидан 100 мингта янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бу эса минглаб оилаларнинг даромади ва фаровонлиги ошишига хизмат қилади. Зеро, ишсиз қўшни ёки маҳалладошнинг ишли бўлиши нафақат унинг, балки бутун маҳалланинг хотиржамлиги ва барқарорлиги демакдир.

Тўртинчидан, Юртимиз яшиллигини ва экологик муаммоларни бартараф этиш, хусусан, “яшил ҳудуд” ва боғлар яратиш учун қўшимча маблағ (330 миллион сўмдан) ажратилиши маҳалламиз ҳавосининг тозалиги ва болаларимиз учун сайилгоҳлар кўпайишига хизмат қилади. Маҳалла инфратузилмасини, маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган бу ишлар, шубҳасиз, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юқори босқичга кўтаради. 

Мурожаатномада Президентимизнинг “Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз”, деган сўзларини ишонаманки, аксарият юртдошларимиз  ўзларига шиор қилиб олади.

Фарҳодбек Отахонов,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти.

ЎзА