Пойтахтимизда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” ҳамда “Менинг маҳаллам” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими катта тантана ва байрамга айланиб кетди.
Айни пайтда ушбу тадбир юртимиз маҳаллаларидаги илғор иш тажрибасини оммалаштиришда алоҳида аҳамият касб этди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жавдатхон Иноғомов мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида маҳаллалар ҳам фаол қатнашаётганини таъкидлади.
Жамиятда озодалик, саранжом-саришталик ва ободонлаштириш маданиятини юксалтириш — барқарор тараққиёт, соғлом турмуш тарзи ҳамда маънавий муҳитни мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан биридир. Қаерда тозалик ва тартиб-интизом устувор бўлса, ўша жойда файзу барака, ижтимоий фаоллик ва тараққиёт таъминланади.
Кейинги йилларда айрим ҳудудларда чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларнинг кузатилиши нафақат шаҳар ва қишлоқлар қиёфасига, балки жамоатчилик онги, маънавий тарбия ҳамда мамлакат имижига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, аҳоли гавжум ва туристик ҳудудларда бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги долзарб вазифа ҳисобланади.
Мазкур масалаларга жамоатчилик эътиборини кучайтириш, маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, аҳоли ўртасида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, тозалик ва озодалик ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташаббуси билан “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” республика кўрик-танлови ташкил этилди ҳамда танлов республиканинг барча ҳудудларида муваффақиятли ўтказилди.
Кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Танлов 2025 йил ноябрь-декабрь ойлари давомида тўртта — маҳалла, туман (шаҳар), ҳудудий ва республика босқичларида юқори савияда ташкил этилди. Маҳалла босқичи 10–15 ноябрь, туман ва шаҳар босқичи 16–25 ноябрь, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари 26–30 ноябрь кунлари, республика босқичи эса декабрь ойида бўлиб ўтди.
Кўрик-танлов жараёнларига жами 85 минг 332 нафар ташкилий қўмита аъзолари, ҳакамлар ҳайъати ва маҳалла комиссиялари жалб этилди. Танловда 8 минг 992 та маҳалла, 159 мингга яқин кўча ва 5 миллион 792 мингта хонадон иштирок этди. Шунингдек, 2 миллион нафардан ортиқ фуқаро бевосита қатнашиб, танловнинг оммавийлиги ва ошкоралиги таъминланди.
Маҳаллаларнинг ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали 14 миллион нафардан ортиқ фуқаро танлов жараёнларини кузатиб борди.
“Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” ҳамда “Менинг маҳаллам” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими Ўзбекистон Миллий академик драма театрида кўтаринки руҳда ўтказилди.
“Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” номинациялари бўйича 1-ўрин соҳибларига Президент совғаси —автомобиль, 2-ўринга 50 миллион сўм, 3-ўринга 30 миллион сўм пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, барча босқич ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Кўрик-танлов натижасида республика миқёсида 100 та “Обод хонадон”, 100 та “Обод кўча” ва 100 та “Обод маҳалла” лидерлари аниқланиб, уларнинг илғор тажрибаси, ташаббус ва лойиҳаларини кенг жорий этиш ҳамда қўллаб-қувватлаш белгиланди.
Айтиш керакки, “Маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида бугунги кунга қадар “Обод хонадон” ва “Обод кўча” мезонлари асосида маҳалла тизимида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 3 миллион 498 мингта хонадон ўз имконияти билан, 248 минг 317 та ҳимояга муҳтож оилаларнинг хонадонлари ҳомийлик ҳисобидан ва 119 минг 901 та кўп қаватли уй-жойлар таъмирланган. 458 минг 840 сотих кўп қаватли уйлар атрофи, 111 минг 389 та кириш йўлаклари ва 12 минг 689 та уйнинг фасад қисми таъмирланди.
140 минг 319 та кўчалар ободонлаштирилиб, 96,5 минг км ариқ ва лоток тозаланган.
“Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” кўрик-танлови жамиятда ободонлаштириш маданиятини юксалтириш, фуқароларни ўз хонадони, кўчаси ва маҳалласига дахлдорлик руҳида тарбиялашга хизмат қилган муҳим ижтимоий ташаббус сифатида ўз аҳамиятини намоён этди.
[gallery-26834]
- Маҳалламиз саҳродан мўъжизавий масканга айланди,– деди “Обод кўча” республика кўрик-танлови 1-ўрин соҳибаси, Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги “Имом Бухорий” маҳалла фуқаролар йиғини вакили Ҳамробегим Шаропова. – Кўчаларни кўкаламзорлаштириш, обод ва файзли ҳолатга келтириш юзасидан катта ҳажмдаги ишлар олиб борилди. Биз ушбу танловда ғолибликка фақат меҳнат билан эришдик.
– Маҳалламизда ободонлаштириш ишларига катта эътибор қаратилди, – деди Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Азимобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуғаффор Мираминов. – Маҳалламизда аҳиллик ва ҳамжиҳатликда мактаб, боғча қурилди. Кўчалар асфальтланди. Далаларни суғориш учун ариқ-зовурларни бетонлаштиришга катта эътибор қаратилди.
Тантанали тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар томонидан Ватанимиз, истиқлолимиз, мамлакатимиздаги тинч ва осойишта ҳаётни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА