Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва фуқароларнинг фаоллигини рағбатлантириш мақсадида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.
Танловда 24 та маҳалладан маҳалла раислари, кўча бошилари ва намунавий хонадон эгалари қатнашиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва маҳалла ҳаётидаги ёрқин тажрибаларини намойиш қилишди.

Тадбирнинг бадиий қисмида Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев ҳам иштирок этди. Ҳоким маҳаллалардаги намунали муҳит, аҳоли фаоллиги ва бирлашган саъй-ҳаракатларнинг юрт равнақидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, маҳалла раҳбарлари ва фаоллар фидокорлигини эътироф этди.

Танлов якунида Ибрат маҳалласи раиси Зуҳра Ўсарова “Обод маҳалла”, Раъно Маҳаматова хонадони “Обод хонадон” номинациясида ғолиб бўлди ҳамда “Шодиёна” кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли “Обод кўча” номинациясини қўлга киритди.

Ғолибларга эсдалик совғалари топширилди. Эндиликда улар Сирдарё вилояти босқичида Гулистон тумани шарафини ҳимоя қилишади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири