French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла – маънавият ошёни, қадриятлар бешигидир
16:11 / 2024-06-21

Наманганда Республика Маънавият ва маърифат маркази, вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида “Маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш” мавзусида икки кунлик амалий семинар ўтказилди.

Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да бошланган мазкур республика анжуманида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, ҳудудларда маънавият-маърифат соҳасида фаолият юритувчи мутасаддилар, вилоят фаоллари, маҳалла фуқарорлар йиғинларининг раислари, имом-хатиблар, Уйчи туманидан тарғиботчиликка тавсия этилган номзодлар иштирок этди.  

Семинар аввалида Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззақов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, аҳоли, айниқса, ёшларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, миллий ва маънавий қадриятларимизни тарғиб этиш, аввало, жойлардаги зиёли инсонларнинг фаоллигига боғлиқ эканини таъкидлади. Ҳурматга сазовор заҳматкаш ҳамюртларимизнинг бой ҳаётий тажрибасидан оқилона фойдаланиш, зиёлиларнинг жамиятдаги ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштироки бугун сув ва ҳаводек зарурдир.

Қайд этилганидек, республика анжумани қадриятлар бешиги, тарбия ошёни бўлган маҳалла ҳамда маънавият ва маърифат вакилларининг биргаликдаги ҳаракатига айланди. Қувонарлиси, энди бу бирликка Ҳаж зиёратини адо этган минглаб ҳожиларимизнинг ҳам қўшилаётганидир. Анжуманда маҳалла , маънавият ва маърифат вакиллари биргаликда қандай ишлаши, ҳожилар билан биргаликда тарғибот тадбирларини олиб боришнинг механизмлари, усуллари ҳақида фикр алмашилди. Бу борада Наманган вилоятидаги 743 мактабдаги 1080 нафар директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, 788 нафар маҳалла фуқаролар йиғини раиси, 190 нафар имом-хатиб олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Дарҳақиқат, маънавият, аввало, оиладан, маърифат эса маҳалладан бошланади. Агар биз тарбия, қадриятлар қадрини ошириш, анъаналарни сақлашни мақсад қилсак, албатта, маҳалла тарғибот жойимизга, хонадонлар – асосий ишимиз, ҳар бир фарзанд келажаги – мақсадимизга айланиши шарт.

Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бу борада бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.  

Хусусан, унинг ижросидан келиб чиқиб, Уйчи тумани намунаси мисолида “Маънавият сектори” фаолияти йўлга қўйилиб, алоҳида дастур ишлаб чиқилди ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти экспертлари томонидан махсус услубий қўлланма тайёрланди.  

Шу йилнинг 1-2 май кунлари Уйчида “Маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзосининг роли” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди. Бунинг самарасида қисқа вақт мобайнида тумандаги маҳаллаларда Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокида “Аждодлар мероси”, “Оила муқаддас даргоҳ”, “Китоб улашиб”, “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан”, “Ноқонуний миграция ва одам савдосининг муаммолари”, “Хотира бор экан, тирикдир миллат” каби мавзуларда юздан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Анжуман доирасида Уйчи туманида фаолият олиб бораётган ана шу 56 нафар зиёлига “Маърифат” тарғиботчилар жамияти гувоҳномаси ҳамда кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Президентимизнинг шу йил март ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида барча маҳалла фуқаролар йиғинларида маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш масаласига алоҳида урғу берилганди. Шундан келиб чиқиб, “Маҳалла еттилиги”га қўшимча равишда ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида “Маърифат” тарғиботчилари фаолиятини жорий этиш ва бу борада Наманган тажрибасини яратиш ишлари бошлаб юборилди.

Анжуман қатнашчилари эътиборини маҳалла марказининг ёнгинасида барпо қилинган “Қумтепа” ёшлар тадбиркорлик ва кичик саноат зонаси имкониятлари ўзига қаратди. Шу жойда “Устоз-шогирд” анъанаси асосида 200дан зиёд ўғил-қиз миллий қадриятларимизни эъзозлаб келмоқда. Тадбирда уларнинг бир гуруҳига эсдалик совғалари топширилди.

Тумандаги 18-сон умумтаълим мактабида “Мактаб – ота-она–маҳалла– маънавият ҳамкорлиги ҳаётий заруратдир” мавзусида, 48-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида “Тарбияда ўзбек миллий ўйин ва эртакларининг таъсири” мавзусида маҳалла маърифат тарғиботчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар меҳмонлар эътиборини тортди.

[gallery-17937]

– Таълимда, тарбияда танаффус бўлмайди. Шу маънода, ёш авлод билан ишлашда маънавий-маърифий соҳада ўзаро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Бунинг амалий тасдиғи ва натижасини Наманган вилоятининг Уйчи тумани тажрибаси мисолида кўрдик, – дейди Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Наримон Шинназаров. –Ммактаб ва боғчада “Маънавият сектори” томонидан йўлга қўйилган “Бобо ва бувилар!, “Китобхонлик”, “Табиатни асраш”, “Мусиқа ва санъат”, “Жадидлар ҳаётини ўрганиш”, “Илм-маърифат” каби мактаблар фаолияти таҳсинга сазовор. Насиб қилса, бу тажрибани Нукус ва бошқа ҳудудларимизда жорий этамиз.

Бўстон маҳалласида жадидчи шоир Мулла Йўлдош Тўрабой ўғли Хилватий яшаб ўтган хонадондаги маърифий тадбир уйчилик ижодкор Адҳамжон Аҳмаджоновнинг “Бедор руҳ” номли янги китобининг тақдимотига ҳамда маҳаллада истиқомат қилиб ўтган қатағон қурбони Салоҳиддин Солиевнинг набираси яшаётган хонадонда “Қатағон қурбонлари – Ватан фидойилари” шиори остидаги хотира ва қадрлаш тадбирига уланиб кетди.

Семинар Гулзор маҳалласининг Янгиобод-3 кўчасида “Қадриятлар - маънавий камолот мактаби” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирлар билан якунланди. Номига муносиб обод ва кўркам қиёфага кирган маҳалланинг мазкур кўчасида ўзбек халқининг минг йиллик тарихи, гўзал ва маънавий илдизлари бой бўлган қадриятларининг боқийлигини таъминлаш, уларни ёшлар қалбига сингдириш ва келажак авлодга етказишга қаратилган "Ким олади-ё шугинани-ё”, "Оқ теракми, кўк терак” каби бир қатор миллий ўйинлар намойиш қилинди. “Паззанда оила”, “Ҳунарманд оила”, “Китобхон оила”, “Маърифатли оила“, “Спортчи оила”, “Намунали оила”, “Тадбиркор оила” йўналишларида фаоллик кўрсатган оилалар муносиб рағбатлантирилди.

Уйчи тажрибаси асосида тумандаги 56 маҳаллада иш олиб бораётган маърифат тарғиботчиларининг фаолияти семинар иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),

ЎзА мухбирлари