Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла – мамлакатда бўлаётган ўзгаришларни намоён этувчи маскан
11:40 / 2023-05-16

Президент ташрифидан сўнг...

Бу Шайхонтоҳур туманидаги Жангоҳ маҳалласи. Раис ана у бинода, профилактига инспектори бу бинода, ёшлар етакчиси эса сал узоқроқда. Кеч бўлганда, қоронғида маҳаллани айланмаган маъқул. Ноқонуний қурилмалар орасидан дайди итлар чиқиб қолиши мумкин. Асфальтларнинг бузилиб кетганига эътибор қилмайсиз...

– Яқин йилларда маҳалламизда меҳмон бўлганларингизда шу алфозда гаплашган бўлардик, эҳтимол, – дейди маҳалла раиси Соипжон ота Акромов. – Жангоҳ пойтахтимизнинг марказида жойлашган маҳалла. Бу ердаги 52 та кўп қаватли уйда 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Қуйи тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар бизнинг маҳаллада ҳам ўз ифодасини топмоқда. Маҳалла мамлакатда бўлаётган ўзгаришларни ўзида намоён этиб турадиган маскан саналади. Халқимиз бу ўзгаришлардан мамнун.

Яқинда бу маҳаллага Президент келди, ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Аҳоли билан дилдан суҳбатлашди. Ташрифдан сўнг жангоҳлик фаоллар билан маҳалла айвонидаги суҳбатимиз ана шундай самимий кайфиятда ўтди.

[gallery-11862]

Маҳалла маркази янгидан бунёд этилгани аҳолига қатор қулайликлар яратди. Сабаби маҳалла биноси, нуронийлар учун махсус айвон, “Янги Жангоҳ” бошқарув сервис компанияси офиси, бирламчи шифо маскани, қандолат маҳсулотлари сотиладиган дўконча бир жойга жамланди.

Шунингдек, ҳудуддаги кўп қаватли уйлар замонавий қиёфага кирди. Майдончалар ва ички йўллар текисланиб, атрофи ободонлаштирилди. Спорт майдони, болалар ўйингоҳи ва автотураргоҳ ташкил этилди. Бу аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишда муҳим аҳамиятга эга.

Маҳалладаги ноқонуний қурилмалар олиб ташланиб, овлоқ жойларга ҳам тунги ёритгичлар ўрнатилди. Ижтимоий соҳа объектлари, коммуникация тармоқлари таъмирланди.

Аслида бундай ўзгаришлар фақат шу маҳаллада бўлаётгани йўқ. Бу ислоҳотлар бутун мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёйган. Маҳалладаги ўзгаришлар билан танишар эканмиз Андижондаги Садда таги, Бухородаги Работиқалмоқ, Нукусдаги Алтин жағис каби маҳаллаларда кўрганларимиз кўз ўнгимизда яна бир марта гавдалангандай бўлади.

Жангоҳда ҳовлилар мавжуд эмас, оилалар кўп қаватли уйларда истиқомат қилади. Шу жиҳатдан ҳам маҳалланинг драйвери, асосан, хизмат кўрсатиш, тикувчилик йўналиши саналади. Ўндан ортиқ маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, юзга яқин савдо дўконларида ҳудуд ёшлари доимий иш билан банд. Шундай бўлсада аҳолининг даромад олиш манбалари сони ортишига ҳаракат қилинмоқда.

Маҳаллада битта мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, бу ерда 500 нафарга яқин болажон тарбияланмоқда. Бу рақам ҳудудда мактабгача таълим қамрови юз фоизга етганини англатади.

Савдо шохобчалари, автомобилларни таъмирлаш устахонаси, тикувчилик маркази, сартарошхона каби тадбиркорлик субъектлари аҳоли хизматида.

Жанггоҳ маҳалласида ҳам “бешлик” – маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси ҳамда хотин-қизлар фаоли томонидан ишсиз фуқаролар аниқланиб, уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ижтимоий дафтарларга киритилган 230 нафардан ортиқ фуқаро доимий эътиборда.

Олиб борилаётган ишлар самараси ҳар бир йўналишда ўз ифодасини топмоқда. Ўтган йиллар “қизил” ҳудуд тоифасида бўлган маҳаллада жорий йилнинг ўтган даврида бирор марта жиноят содир этилмади.

Маҳалладаги кўп қаватли уйлар авваллари еттита ширкатга бириктирилган эди. Бу ширкатларнинг сони кўп, лекин бошқарувнинг тўғри йўлга қўйилмагани, моддий-техник база етишмаслиги оқибатида мавжуд муаммолар вақтида бартараф этилмаган. Ҳолат эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаверган.

– Президент иш фаолиятимиз билан яқиндан танишди, – дейди “Янги Жангоҳ” бошқарув сервис компанияси раҳбари Азиз Раҳимов. – Компаниямиз шу маҳалладаги мавжуд 52 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Айни пайтда 24 нафар мутахассис ва махсус техникаларимиз аҳоли хизматида. Улар зарур ускуна ва техникалар билан таъминланган. Муаммо чиқса тезкор тузаташ имкониятига эгамиз. Яна бир муҳим томони, ҳисоб-китобларда биллинг тизимини йўлга қўйганмиз. “Менинг уйим” мобиль иловаси ҳам аҳолига қулайлик яратмоқда. Давлатимиз раҳбари коммунал тармоқларни янгилаб бориш, аҳоли ишончини қозониб, тўловлар барқарорлигини таъминлаш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.

Маълумотларга кўра мамлакатимизда мана шундай саккиз юздан ортиқ бошқарув сервис компанияси фаолияти йўлга қўйилган. Ўтган қисқа даврда мамлакатимиздаги мавжуд 40 минг 700 дан ортиқ кўп қаватли уйнинг 90 фоиздан ортиғига шундай компаниялар томонидан хизмат кўрсатила бошлади. Бу аҳоли яшаш манзилларидаги қанчадан-қанча муаммоларга тезкор ва самарали ечим топилаётганидан далолат.

Президент ташриф давомида маҳаллада “бешлик” тизими жорий қилиниб, кенг имкониятлар берилганига урғу берди. Бугун улар аҳоли билан давлат ўртасида кўприк. Бу кўприк қанча адолатли, шаффоф, мустаҳкам бўлса, халқ шунча рози бўлиши таъкидланди.

Икром АВВАЛБОЕВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА