Фарғонада Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Маҳалла тараққиёти учун энг яхши бизнес лойиҳа” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди.
Бугунги кунда маҳаллаларда тадбиркорлик янада ривожланаётган бўлиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти.Жорий йилнинг ўтган етти ойи мобайнида Фарғона вилоятидаги 1 минг 62 та маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган тўрт мингга яқин кичик ва ўрта бизнес субъекти Кичик бизнесга кўмаклашиш марказининг имтиёзли сертификатлари асосида фаолиятини янада ривожлантирди. Мазкур мақсад учун тижорат банклари томонидан 287,21 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди, 421 та янги иш ўрни яратилди.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичига маҳаллаларда фаолият олиб бораётган 400 га яқин тадбиркорлик субъектидан аризалар келиб тушган.Ғолибларни аниқлашда алоҳида шартлар ва мезонларга амал қилинди.
Кўрик-танлов якунига кўра, биринчи ўринни Фарғона туманидаги “Mindon Mavludaxon ta‘m pishiriqlari" оилавий корхонаси эгаллади. Ғолиблар ҳамда турли номинациялар ғолибларига ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири