Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Маҳалла кубоги” мусобақаси
11:15 / 2022-11-13

Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманида 13-16 ёшли ўсмир ўғил ва қизлар ўртасида стол тенниси бўйича “Маҳалла кубоги” турнирининг шаҳар, туман босқичлари ўтказилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони маҳалла ва қишлоқларда ёшларни оммавий спорт турларига кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Ўсмирлар ўртасида ташкил этилган стол тенниси бўйича “Маҳалла кубоги” республика турнири 4 босқичдан иборат.  1-босқич беллашувлари маҳаллаларда, 2-босқич шаҳар ва туманларда, 3-босқич мусобақалари вилоятларда ва ниҳоят 4-босқич, яъни “Маҳалла кубоги” республика турнирининг финали ўтказилиб якун топади.  

Мусобақа Низом қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда турнирнинг Жиззах шаҳар босқичи “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 15-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилди.  

[gallery-9547]

– Турнирнинг 1-маҳаллалараро босқичида шаҳардаги мавжуд 34 та маҳалла фуқаролар йиғинидан жами 260 нафар 13-16 ёшдаги ўсмир ўғил-қиз болалар иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган 22 та жамоадан 44 нафар ўсмирлар жуфтлиги ғолиблик учун беллашмоқда. Булар орасида ғолибликни қўлга киритганлар вилоят босқичида шаҳримиз шарафини ҳимоя қилади, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах шаҳар бўлинмаси бошлиғи Тўлқин Тўрақулов.  

Худди шу турнирнинг Шароф Рашидов тумани босқичи ўтказилган “Ёшлар спорт мажмуаси”да тумандаги 48 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг 1-маҳалла босқичида 280 нафардан ортиқ 13 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўсмир ўғил-қиз болалар иштирок этиб, унда ғолибликни қўлга киритган 26 нафар ёш стол теннисчилар туман босқичида вилоят босқичи йўлланмаси учун беллашди.

– Ушбу мусобақа Низомига кўра жамоалар таркибига имкон қадар ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган ёки ички ишлар идоралари ҳисобида турган, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”даги оилалар, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларнинг 13-16 ёшдаги ўсмир ўғил ва қиз болалари жалб этилиши таъкидланган. Улар орасида спорт оммавийлигини ошириш, зарарли одатларга ўрганишдан сақлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиб, соғлом турмуш тарзини сингдириш – ушбу турниримизнинг асосий мақсад ва вазифасидир, – дейди Шароф Рашидов тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, туман стол теннис федерацияси раиси Анвар Тохиров.

Ҳар икки ҳудудда ўтган “Маҳалла кубоги” турнири ғолиб ва совриндорларига ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

А.ҚАЮМОВ,  

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА