Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари замирида инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, турмуш шароитларини яхшилашдек эзгу ва хайрли ишлар ётади. Айниқса, чекка-чекка маҳаллаларнинг обод масканларга айланаётганлиги, ҳудудларда табиий газ, электр энергияси, ичимлик сув таъминоти яхшиланиб, йўллар таъмирланаётганлиги юртдошларимизни қувонтирмоқда.
Ана шундай хайрли ва ибратли ишларни олис туманлар, маҳаллалар ҳудудларидаги автомобиль ҳамда ички йўлларни қайта қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш борасида олиб борилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу борада Андижон вилояти Избоскан туманида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Туманда, айниқса, ички йўлларни таъмирлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада туманнинг чекка-чекка ҳудудларидаги неча ўн йиллар давомида таъмирланмаган, ёзда чанг, қишда лой кўчаларга шағал ётқизилди, асфальтланди, бетон билан қопланди.
– Бугунги кунда Избоскан тумани ҳудудида 175 километр умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари, 757,7 километр ички йўллар мавжуд, – дейди туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси раҳбари Жаҳонгир Валиев. – Белгиланган дастурлар доирасида ўтган йили 132 километрдан ортиқ масофадаги йўлларнинг ҳолати яхшиланди, Жумладан, 30 километр умумфойдаланувдаги автомобиль йўлида таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, 102 километр узунликдаги ички йўлларга шағал тўкилди, маълум қисми бетон билан қопланди.
Туманда бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Ўтган бир ой давомида туманнинг турли маҳаллаларидаги 22 километр ички йўлга шағал ётқизилди. Шу кунларда йўлсозлар томонидан Ўртақишлоқ маҳалласи кўчаларининг тупроқли йўлларига шағал тўкилмоқда.
[gallery-15753]
Ўртақишлоқ маҳалласи туман марказидан 8 километр олисда бўлиб, 3 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.
– Маҳалламиздаги энг оғриқли муаммолардан бири ички йўлларимизнинг ўта таъмирталаблиги эди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акмалжон Болтабоев. – Айниқса, маҳалладаги Жийдагули, Гулдаста, Ижодкор кўчалари йўлларининг носозлиги, қишда лой, ёзда чанг эканлиги одамларнинг жиддий эътирозларини келтириб чиқараётганди.
Айни кунларда ушбу муаммо бартараф этилмоқда. Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда туман Йўллардан фойдаланиш корхонаси ишчи-мутахассислари томонидан юқорида қайд этилган кўчаларнинг 1 километр қисмига шағал ётқизилди. Олиб борилаётган ишлар доирасида яна 1,2 километри шағал қилинади.
Маҳалла кўчалари таъмирланиб, кундан-кунга обод масканга айланаётганлигидан одамлар мамнун. Бу каби хайрли ишлар фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишонч ва умидини оширмоқда, бугунги кунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари