Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла – ижтимоий капитал, миллий бирдамлик ва тараққиётнинг пойдевори
14:00 / 2025-12-29

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва мамлакатимиз халқига йўллаган мурожаатномаси мамлакат тараққиётининг асосий йўналишлари, жамият бирлиги ва давлат сиёсатининг устуворликларини белгилаб берди. Ушбу мурожаатномада маҳалла институтига алоҳида урғу берилиши, унинг ижтимоий капитални шакллантириш ва миллий бирдамликни мустаҳкамлашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор тасдиқлади. Президентнинг нутқи маҳаллани нафақат маъмурий бирлик, балки Ўзбекистоннинг бетакрор тараққиёт моделининг марказий бўғини сифатида қабул қилишга қаратилган стратегик ёндашувни акс эттиради.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари “маҳалла ва яхши қўшничилик қадриятлари ижтимоий капитални бойитишга хизмат қилиши”ни таъкидлади. Ижтимоий капитал деганда, одатда, жамият аъзолари ўртасидаги ишонч, ҳамкорлик, ижтимоий нормалар ва тармоқлар йиғиндиси тушунилади. Ўзбекистон шароитида маҳалла азалдан ана шу ижтимоий капитални яратиш ва ривожлантиришнинг асосий механизмларидан бири бўлиб келган. Бу ерда одамлар бир-бирини яхши танийди, қийинчиликда ёрдам беради, қувончда бирга бўлади ва умумий муаммоларни биргаликда ҳал қилади. Маҳалланинг анъанавий тузилмалари, қариялар кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари ва ёшлар етакчилари орқали жамоавий қарорлар қабул қилинади, низолар тинч йўл билан ҳал этилади ва жамоат тартиби сақланади. Буларнинг барчаси аҳоли ўртасидаги ўзаро ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлаб, ижтимоий капитални бойитади.

Президентимиз ўз нутқида миллий бирдамлик масаласига алоҳида урғу бериб, “иарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало, бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган” деган фикрларни илгари сурди. Бу тарихий тажрибанинг бугунги кундаги аҳамияти, айниқса, глобал мураккабликлар шароитида янада ортади. Маҳалла ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, халқни янада бирлаштиришда беқиёс роль ўйнайди. Бу ерда миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналар авлоддан авлодга ўтади, умумий ғоя – Ватан ва халқ манфаати йўлида бирлашиш ҳисси шаклланади. Президентнинг ёшларни улкан бунёдкор куч сифатида эътироф этиши ҳам, уларнинг маҳалла муҳитида шаклланадиган салоҳиятига бўлган ишончни англатади.

Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз ҳам тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади. Демакки, маҳалла жамиятнинг энг асосий пойдевори. Бу – маҳалла даражасидаги барқарорлик ва ижтимоий аҳиллик, умумий миллий барқарорликнинг гарови эканлигини англатади. Маҳалладаги ижобий муҳит фуқароларнинг фаровонлигини таъминлашга, ижтимоий муаммоларни эрта аниқлаш ва ҳал қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари, маҳалла давлат ва жамият ўртасидаги кўприк вазифасини ўтаб, давлат сиёсатининг бевосита аҳолига етиб боришини таъминлайди.

Президентимизнинг 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш таклифи, маҳалла институтига бўлган давлат эътиборининг янги босқичига ишора қилади. Бу нафақат маҳалла тизимини янада мустаҳкамлаш, унинг инфратузилмасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, балки маҳалланинг ижтимоий-сиёсий ролини янада кучайтиришга қаратилган кенг кўламли давлат дастурларини амалга оширишни англатади. Ушбу ташаббус маҳаллани мамлакатнинг бутун ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясининг марказига қўйишга қаратилгандир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномаси Ўзбекистоннинг бугунги ва келажак тараққиётида маҳалла институтининг муҳимлигини стратегик даражада белгилаб берди. Маҳалла – бу нафақат ўзбек жамиятининг тарихий мероси, балки ижтимоий капитални шакллантирувчи, миллий бирдамликни таъминловчи, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбияловчи ва умуман, мамлакат тинчлиги ва равнақининг асосий пойдеворидир. 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш таклифи эса, бу тизимнинг келгусидаги янада мустаҳкамланиши ва Ўзбекистоннинг ўзгаришлар давридаги муваффақиятида ҳал қилувчи рол ўйнашини англатади. Ушбу ёндашув Ўзбекистоннинг ўзига хос, инсон қадри ва жамоавий бирдамликка асосланган тараққиёт йўлининг яққол намоёнидир.

Гулчеҳра Дадамирзаева,

НамДУ тарих кафедраси доценти.