Азалдан маҳалла илм, маърифат, тинчлик ва осойишталикни сақлаш ва миллий қадриятлар маскани бўлиб ҳисобланади. Маҳалла халқ билан мамлакат ўртасидаги ишонч кўприги сифатида хизмат қиладиган, инсонни жамиятнинг бир қисми бўлишга ўргатадиган, уни бағрикенглик ва халқпарварлик руҳида тарбиялайдиган макондир.
Манбалар таҳлилига кўра, “Маҳалла” атамаси арабча бўлиб, жой-ўрин-макон, ҳудуд, гузар, кенгаш маъносини англатади. Маҳалла турли минтақаларда жамоа, маҳаллот ёки қўшин маъноларида қўлланилган. “Бобурнома”да Андижондаги “қалъанинг гирдо-гирди тамом маҳаллоттур”, - дейилганда “маҳаллот” “жой” маъносида ишлатилган. Ўзбекистонда уч минг йиллик давлатчилик тарихи, бой ва бетакрор маданиятига эга бунёдкор халқ истиқомат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 127-моддасига кўра, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларда, шунингдек шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар раисни сайлайди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли. Давлат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратади, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида кўмаклашади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайлови тартиби, уларнинг фаолиятини ташкил этиш ва ваколатлари қонун билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланганидек, бугунги мураккаб замонда ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, халқимизни янада бирлаштириш ва жипслаштиришда, ҳеч шубҳасиз, ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг ўрни ва аҳамияти катта. Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. Аммо, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир. Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс.
Президентимиз томонидан 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилингани Ватанимиз тараққиётининг устувор вазифаларини ҳал қилишга хизмат қилади. 2026 йилда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш учун алоҳида давлат дастури қабул қилинади. Ушбу дастурда мамлакатдаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топади. Ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туманни танлаб, ҳамма маҳалласидаги барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратилади.
Уларда бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади. Ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилади. Келгуси йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилади. Келгуси йилда “Барқарор шаҳар” платформаси ишга туширилиб, “яшаш учун қулайлик индекси”ни юритиш йўлга қўйилади. Бу индекс орқали шаҳарлардаги ҳар бир маҳаллага хос муаммолар аниқланиб, уларга мос ечимлар берилади. Бу орқали туманлар буджетида 5 триллион сўмлик қўшимча манба шаклланади ва у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланади.
Дархақиқат, мамлакатимиз маҳаллаларнинг тарихий тараққиётида янги давр бошланмоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда 10 мингга яқин маҳалла бор. Сўнгги йилларда маҳалла институтини ислоҳ қилиш ва уни халқ ҳаётига яқин, самарали тизимга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни рақамлаштириш орқали «Ижтимоий маҳалла» тизими доирасида маҳаллалардаги шарт-шароитлар, инфратузилма ва объектлар аҳволи, қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг бориши, экологик вазият ва бошқа масалаларни фуқаролар томонидан виртуал мониторинг (мобил илова, ижтимоий тармоқлар ва ҳ.к.) қилиш амалиёти жорий этилмоқда.
«Ижтимоий маҳалла» тизими орқали маҳаллада аҳволни ўрганиш юзасидан ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Маҳаллаларнинг институционал асосларини такомиллаштириш, мазкур тизим учун юқори малакали мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ишлари бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. “Маҳалла еттилиги” тизими амалиётга татбиқ этилгандан буён аҳолининг муаммоларини маҳалла даражасида ҳал этиш самарадорлиги ошиб, еттиликнинг коллегиал қарорлари асосида маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи тобора яхшиланмоқда.
Шунингдек, маҳаллаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланяпти, инфратузилмаси такомиллашиб, янги, замонавий қиёфа билан бойиб бормоқда. Маҳаллада кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқди, ишсизлик даражаси 2 баробар қисқарди. Шунингдек, 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келди. Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Улар бошчилигида “еттилик” вертикал тизими яратилди, етарли шароит, ресурс ва ваколатлар берилди. «Маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш тартиби ҳамда кўчабоши ва уйбошилар фаолиятини ташкил этиш тартибининг хуқуқий асослари яратилди.
Маҳалладаги ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, иш ўрни яратиш учун маҳаллаларга банкир ва солиқчилар бириктирилди, инфратузилмага ҳам алоҳида маблағ ажратилмоқда. Ўзбекистонда маҳаллаларнинг номи, жойлашган ҳудуди, СТИРи каби маълумотлар тўпланадиган МФЙ ягона реестри шакллантирилади. Мазкур реестр маҳаллага оид тўлиқ маълумотларни шакллантириш, жисмоний шахсларнинг манзил маълумотлари, юридик шахслар ва кадастр объектлари маълумотларини маҳалла кесимида шакллантириш, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмалари томонидан ўзларининг ахборот тизимларида шаклланадиган маҳалла кесимидаги маълумотларни "Электрон ҳукумат" тизимининг ягона инфратузилмасига бирлаштириш мақсадида юритиладиган бўлди. Мазкур реестр ташкилотлар билан ҳамкорлик учун зарур бўлган маҳаллага оид ягона маълумот манбаи ҳисобланади. Эндиликда рақамли маҳалла институтини шакллантириш мақсадида 2030 йилга қадар маҳаллаларни 100 фоиз рақамлаштириш вазифалари белгиланган. Шу маънода, ҳудудларда мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал қиладиган халқчил тизим яратиш вазифаларини амалга ошириш борасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда.
Айниқса, маҳаллаларнинг жойлардаги вакиллик органлари билан, маҳаллий Кенгашларнинг Олий Мажлис Сенати билан, ҳокимликларнинг вазирликлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги ишларнинг натижадорлигига эришилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 майдан бошлаб оилавий медиация ишлари бўйича фуқаролар йиғини раислари профессионал медиаторликка бепул ўқитиш йўлга қўйилган.
Ўзбекистоннинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш тўғрисида ихтиёрий миллий ҳисоботида ҳам таъкидланганидек, Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, манзилли ижтимоий ҳимоя масалаларини бевосита аҳоли яшаш жойларида (маҳаллаларда) кўриб чиқиладиган, бошқа хорижий мамлакатлардан фарқ қилувчи маҳалла миллий модели амалга оширилмоқда. Мазкур тамойил асосида бир қатор институционал ислоҳотлар амалга оширилиб, бошқарув тизими ислоҳ қилинмоқда. "Очиқ бюджет" тизими фаол ишлаб чиқилиб, янги "маҳалла бюджети" тизими амалиётга жорий қилиниши натижасида аҳоли маҳаллий бюджет маблағларини аниқ талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда тақсимлашда бевосита иштирок этиб, ўзларининг муаммоларини мустақил ҳал этишмоқда.
Айтиш жоизки, мамлакатимиз фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тараққиётидаги янги босқичида миллий қонунчиликни ривожлантиришнинг объектив эҳтиёжидан келиб чиқиб бу борада норма ижодкорлик фаолиятини амалга оширишни тақазо этмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 22 апрелдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунини (янги таҳрири) такомиллаштириш зарурияти вужудга келмоқда. Мазкур қонунни ҳозирда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган стратегик сиёсий, иқтисодий ва хуқуқий ислоҳотларга монанд тарзда уни тизимлаштириш ва бирхиллаштириш ҳамда ақлли тартибга солиш элементлари билан уйғунлаштиришни тақозо этмоқда.
Энг аввало мазкур қонунни “Рақамли маҳалла”га оид устувор нормалар билан тўлдириш лозим. Рақамли маҳалла платформасини бошқа тегишли давлат ташкилотлар ахборот тизимлари билан интеграция қилиш ишларини ҳуқуқий таъминлашни янада такомиллаштириш лозим. Бошқача айтганда, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятида ахборот коммуникацион технологиялардан фойдаланиш тартиби ва асосларига бағишланган нормаларни белгилаш зарур. Замонавий рақамли бошқарув тизимини шакллантириш мақсадида келгусида фуқароларнинг ўзини–ўзи бошқариш органлари фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланишга оид нормаларни назарда тутиш замонавий рақамли технологик ўзгаришларга ҳам мос бўлган бўлар эди. Шунингдек, маҳалла кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида маҳалла раиси ва ходимлари шу жумладан, маҳалла еттилиги вакилларини махсус рақамли дастурий таъминотларларга мувофиқ даврий равишда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизими, улар фаолиятини илмий тадқиқ этиб ўрганишнинг самарадорлигини ошириш ҳамда уни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва молиялаштириш тартиби ва асосларига оид устувор нормаларни белгилаш лозим.
Бундан ташқари, фуқаролар йиғини раислари профессионал медиаторликка босқичма-босқич ўқитиб бориш, профессионал медиаторликка ўқитилган фуқаролар йиғини раислари отанинг (онанинг) вояга етмаган фарзандлари учун ота-оналик ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ низолар бўйича медиаторлик фаолиятини бепул амалга оширишга хақлилига оид устувор нормаларни назарда тутиш ҳам соҳавий махсус қонунчиликнинг бу хақдаги нормаларни тизимли мазмунда ифода этишнинг замонавий тенденцияларига мос бўлган бўлар эди. Энг муҳими, бугунги кунда маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, аҳолининг даромадларини кўпайтириш бир сўз билан айтганда, маҳалланинг иқтисодий ривожланишининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни тақазо этмоқда.
Шу мақсадда, маҳалланингмолиявий- иқтисодий ривожланиши қонун устуворлиги, иқтисодий фаолият эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий шериклик принципларига асосланади. Маҳалла ҳудудида стартап лойиҳаларни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорлик, ижтимоий ва рақамли ишлар, хизматлар, ўзини ўзи банд қилишни қўллаб-қувватлашда маҳалла давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлиги хақида аниқ нормаларни белгилаш лозим.
Бошқарув сервис компаниясида ёшлар учун касб-ҳунар ўқувлари, маиший хизмат шохобчаларини жойлаштириш айниқса, мамлакатимиз ва дунёнинг нуфузли кутубхоналари билан рақамли интеграциялаштирилган кичик кутубхоналарни жойлаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Маҳалланинг иқтисодий ривожланишига оид дастурлар ва лойиҳалар давлат ва маҳаллий дастурлар билан уйғун ҳолда амалга оширилади ҳамда уларни молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган манбалар ҳисобидан таъминланади. Маҳалланинг иқтисодий фаолиятда иштирок этиши фуқаролар манфаатлари, очиқлик ва шаффофлик принципларига риоя этилган ҳолда тасдиқланган йўл хариталарнинг амалий рўёбга чиқаришнинг мукаммал асослари билан боғлиқ нормаларни ифода этиш мақсадга мувофиқ.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда маҳалла нафақат инсон қадри улуғланадиган ва қадриятлар бешиги балки унинг маънавий юксалишига бешик бўлган, тарихи бир неча минг йиллик тарихга бориб тақаладиган, дунёнинг барча тараққиёт босқичларига гувоҳ бўлган, бағрида ҳам олис ўтмиш, ҳам бугунги тамаддун жараёнларини намоён этувчи фуқаролар ҳаётнинг хақиқий қиёфасини ифода этадиган таълим-тарбия маскани бўлиб ҳисобланади.
Шуҳрат Рўзиназаров, Тошкент давлат юридик
университетининг профессори, юридик фанлари доктори.