Маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида ўтказилишида муносиб шахсларнинг вакиллар сифатида иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга.
Барчамизга маълумки, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан сайланади.
Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари ҳудуддаги ҳовлилар, уйлар, кўчаларга бириктирилади, фуқаролар вакилларини сайлаш бўйича умумий йиғилишларни ўтказиш жадвалини тасдиқлайди. Қонунчиликка кўра, тегишли туман (шаҳар) комиссияси томонидан белгиланган вакиллик нормаси асосида ҳудуддаги мавжуд ҳовлилар, уйлар, кўчаларга тақсимланади. Бунда фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига вакиллар сайлаш мақсадида маҳалла (шаҳарча, қишлоқ, овул) фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг умумий йиғилиши ишчи гуруҳ томонидан ўтказилади. Ишчи гуруҳининг ҳар бир аъзоси томонидан ўзига бириктирилган кўча, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар аҳолиси билан йиғилишлар ўтказилиб, сайлов ёшига етган ва сайлаш ҳуқуқига эга бўлган аҳоли томонидан маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига вакиллар кўрсатилади. Бунда ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган фуқароларнинг вакиллар сифатида сайланишига эришиш фуқаролар йиғинларининг келгуси фаолиятида муҳим ўрин тутади.
Йиғилиш натижалари бўйича унинг баённомаси тузилади. Шуни унутмаслик лозимки, фуқаролар йиғинидаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолиси умумий йиғилиши баённомаси фуқаролар вакилларининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, баённомага ҳовли, уй ва кўчалардан вакилларни сайлашда қатнашган фуқароларнинг рўйхати илова қилинади. Унда вакиллар сайловида қатнашган фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ҳамда турар жойи кўрсатилади. Фуқаролар вакиллари ўз ваколатини фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) навбатдаги сайлови бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади.
М.Сулаймонов, ЎзА