Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Маҳалла” фондининг Янги йил йўқловлари дилларга қувонч бағишлади
09:40 / 2022-01-01

Барчамиз Янги йил арафасида кириб келаётган янги йилда ҳаётимизда ижобий ўзгаришларга умид қилиб, Яратгандан яхшиликлар кутиб яшашга ўрганиб қолганмиз.

 Эски йилда амалга ошмаган орзулар, эзгу амалларни Янги йилда рўёбга чиқишидан умидвор бўламиз.


Янги йил байрами муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими томонидан бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. 

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.


Фонд инсон қадрини улуғлаш, халқни рози қилишга қаратилган бундай хайрли ишга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳам ўз ҳиссасини қўшиб, инсонпарварлик тадбирларини давом эттирган ҳолда Афғонистонда байналминал бурчини бажарган собиқ жангчилар ҳамда 1966 йилда Украинанинг Чернобль вилоятида портлаган АЭС фожеасини бартараф этишда фаол иштирок этган кишиларнинг эҳтиёжманд фарзандларидан иборат 200дан ортиқ оилага борилиб, болажонларга бир олам шодлик улашилди.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Аҳрор Мансуров, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Аҳмаджон Мукаррамов бошчилигида Янгиқўрғон туманидаги қўшни Қирғизистон билан чегара ҳудудда жойлашган Оқтом қишлоғидаги 20 дан зиёд эҳтиёжманд хонадонга озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар ва Янги йил совғалари топширилди.


Ушбу йўқловлар Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларида, хусусан Учқўрғон туманида ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди.


- Янги йил байрамини кўтаринки кайфиятда қарши олмоқдамиз. Дарҳақиқат, юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас, - дейди Учқўрғон туманидаги Чек маҳалласида яшовчи Одилжон Ҳолиқов. - “Маҳалла” фондидан келиб, байрам куни  дастурхонимиз  тўкин бўлиши учун қандолат маҳсулотлари, ширинликлар тақдим этишди, болалар ва набираларимизнинг юзларига қувонч югурди. Кўрсатилган эътибордан жудаям хурсандмиз.


“Маҳалла” фонди Наманган шаҳар бўлинмаси томонидан Янги йил байрами арафасида 34-сонли умумтаълим мактабида уюштирилган байрам тадбирида илм масканида ишлаётган техник ходимлар, кам таъминланган оилаларнинг ушбу мактабда ўқиётган фарзандлари учун 12 турдаги болалар кийимлари ва янги йил совғалари тақдим қилинди.


Қорбобо ва Қорқизнинг ташрифи, айниқса, жажжи ўқувчиларга кўтаринки завқ бағишлади. Шеър ва қўшиқлар рақсларга уланиб кетди. Унда ўз иқтидорини намоён қилган болалар ҳам муносиб тақдирланди.


Кўрсатилган бундай эътибор, айниқса, болаларни мактабда аъло баҳоларга ўқишга, келажакда Ватан хизматига кор келадиган муносиб фарзандлар бўлиб етишга ундаши шубҳасиз, - дейди 34-мактаб директори Дилрабо Набиева. - Чунончи, ўқувчиларда ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳини сингдиришда бу каби тадбирларнинг аҳамияти катта.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА