Президентимизнинг жорий йил 20 мартдаги “Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ уч нафар сурхондарёлик соҳа вакиллари ҳам давлатимизнинг юксак орден ва медалларига сазовор бўлди.
Давлат мукофотларини ўз соҳибу соҳибаларига тантанали топшириш маросимида Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов тадбир иштирокчиларини 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни билан табриклаб, кейинги йилларда ўзини-ўзи бошқариш органларига қаратилаётган эътибор уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий янги бинолар билан таъминлаш ва ходимларни муносиб рағбатлантириб, илғор иш тажрибасини оммалаштиришда яхши самаралар бераётганини таъкидлади. “Маҳалла еттилиги” тизимининг ҳудудларни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтириш йўлида амалга ошираётган ишлари ҳақида сўз юритди.
Айни пайтда вилоятдаги 724 маҳаллада тўрт мингдан ортиқ ходим меҳнат қилиб, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш, жамиятда маҳалланинг ўрни ва нуфузини янада ошириш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, маҳаллабай ишлаш тизимини самарали йўлга қўйиш каби муҳим ишларга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Маросимда Ангор тумани ободонлаштириш бошқармаси участка устаси Гулбаҳор Менгнаровага “Дўстлик” ордени, Термиз тумани “Жўйжангал” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Наргиза Ильмурадова ҳамда Олтинсой тумани “”Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси Акром Турдиевга “Шуҳрат” медаллари тантанали топширилди. Шунингдек, тизимда барчага ўрнак бўлаётган 15 нафар ходим “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, маҳаллаларни обод ва фаровон гўшага айлантириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири