Нурафшон шаҳрида 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан тизимда самарали меҳнат қилаётган, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, юрт тараққиёти йўлида жонкуярлик кўрсатаётган 22 нафар фидойи тақдирланди.
Тантанали тадбирга Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, туман ва шаҳарлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, ҳоким ёрдамчилари, фаол хотин-қизлар, ёшлар етакчилари ва ташкилотлар мутасаддилари таклиф қилинди.



Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев юртимиздаги янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз шодиёналари ва маҳалла тизими ходимлари куни билан барчани табриклаб, ўз тилакларини билдирди.
Тадбирда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, даромадини ошириш ва мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этишда айнан маҳалла тизимининг ўрни муҳим аҳамиятга эга бўлаётгани таъкидланди.



Таъкидлаш лозимки, ҳозир Тошкент вилоятида 1 минг 25 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, улардаги оилалар сони 854 минг 508 тани ташкил этмоқда. Президентимизнинг саъй-ҳаракати ва ташаббуси туфайли “Обод маҳалла – обод кўча – обод хонадон” тамойили асосида шаҳар ва қишлоқларда замонавий шарт-шароит яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.


Тадбир давомида Президент фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофотларига муносиб кўрилган тизим фидойиларига орден ва медаллар топширилди. Бундан ташқари, ўз фаолиятига масъулият билан ёндашган, яхши натижа кўрсатган бир гуруҳ ходимларга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони ва эсдалик совғалари берилди.
– Бугун мен учун ўзгача кун, – дейди Ангрен шаҳридаги “Кўк терак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эрали Эрбўтаев. – Меҳнатларимиз эътироф қилиниб, “Шуҳрат” медали ва “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу аслида ҳудудимизда мен билан ишлаётган барча заҳматкаш “Маҳалла еттилиги”нинг ютуғидир.
А.Мусаев,ЎзА мухбири