Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, 22 март “Маҳалла тизими ходимлари куни” этиб белгиланган бўлиб, шундан буён ҳар йили бир гуруҳ соҳа вакиллари эътироф этиб келинади.
Ушбу сана муносабати билан Қашқадарё вилоят ҳокимлигида ташкил этилган кўкрак нишонларини тантанали топшириш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этди. Унда вилоят ҳокими бугунги кунда соҳанинг ривожи учун Президентимиз томонидан яратиб берилаётган шароит ва имкониятларни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, 11 нафар маҳалла фаоллари “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимлари, вилоятдаги мавжуд 828 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги “маҳалла еттилиги” аъзолари томонидан ҳудуддаги ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, миграциядагилар ҳисобини юритиш ҳамда қайтганларга амалий ёрдам кўрсатиш, жиноятчилик ва ажримларнинг олдини олиш, аҳоли даромадини ошириш йўналишида қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, ўтган йилда 124 минг 754 нафар кишининг бандлиги таъминланди. “Сайхунобод” ва “Уйчи” тажрибалари асосида 10 минг 159 та янги иш ўрни яратилди. 16 та маҳалла ишсизликдан холи ҳудуд сифатида эътироф этилмоқда.
Олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 3,8 фоизга камайди.
[gallery-22432]
1 минг 337 та оила яраштирилди. 176 та маҳалла оилавий ажримдан холи ҳудуд сифатида қайд этилди.
Камбағал оилалар сонининг ўтган йилги 13,6 фоиздан 5,6 фоизгача камайишига эришилди. Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш бўйича жами 563, 7 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Ўтган йил давомида миграциядаги 41 минг 246 нафар фуқаро ватанига қайтди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари