Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла еттилигининг фаолияти ўрганилди
15:17 / 2026-03-02

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев ва фракция аъзоси Дилдора Камоловалар Сирдарё вилоятида ўрганишлар олиб боришди.

Хусусан, Сайхунобод туманидаги ўрганишларда камбағалликни қисқартириш ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди. Дастлаб "Beshafar grour" МЧЖ нинг донни қайта ишлаш ва ун ишлаб чиқариш лойиҳасининг фаолияти билан танишилди.

Ўрганиш жараёнида туман Кенгаши депутатлари ва лойиҳа ижрочилари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш, экологик меъёрларга риоя қилиш ҳамда қўшимча инвестициялар жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, халқ вакиллари “Нурабод” МФЙ да истиқомат қилувчи оилавий тадбиркорлик ва томорқачиликда ибратли тажриба кўрсатиб келаётган Зайниддин Нурматов хонадонида бўлиб, тадбиркорнинг фаолияти билан яқиндан танишилди.  

Тадбиркор иссиқхонада лимон, помидор, булғор қалампири ва қулупнай етиштиради. Шунингдек, у китоб ўқишга ҳам алоҳида меҳр қўйган бўлиб, ўз хонадонида кичик кутубхона ташкил қилган.  

Абдушукур Ҳамзаев Сайхунобод туманидаги “Паймард” МФЙ да ҳам  бўлиб, маҳалла еттилиги, ҳоким ёрдамчиси ҳамда фаол фуқаролар билан очиқ мулоқот қилди ва унда асосан аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, субсидия ва имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланиш борасида сўз борди. Шунингдек, мулоқотда 2025 йил ҳамда 2026 йилнинг ўтган даврида бир қатор кичик бизнес лойиҳалари йўлга қўйилиб, янги иш ўринлари яратилгани, кам таъминланган оилалар даромади ошгани таъкидлаб ўтилди.

М. Комилова, ЎзА