Бугунги кунда маҳаллаларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, уни мустақил ва халқчил тузилмага айлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Маҳалла еттилиги” модели орқали аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш самарали йўлга қўйилмоқда. Аҳоли билан очиқ мулоқот, уйма-уй ўрганиш ва манзилли ёндашув орқали фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларининг қарийб 80 фоизи маҳалланинг ўзида ҳал этилмоқда. Бу эса маҳалланинг давлат органлари билан аҳоли ўртасидаги ишончли кўприк сифатидаги ролини янада мустаҳкамламоқда.

– 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида 42 минг 529 нафар ишсиз фуқаро даромадли меҳнатга жалб қилиниб, 114 та маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилди, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элёр Кенжаев. – Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича олиб борилган тизимли ишлар натижасида эса жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайди. Вилоят бўйлаб минглаб видеокузатув камераларининг ўрнатилиши, замонавий домофон тизимининг жорий этилиши ҳамда профилактик ҳисобда турган шахслар билан “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва нуронийлар иштирокида олиб борилган ишлаш усуллари самара берди. Натижада “қизил” тоифадаги маҳаллалар сони икки баробарга яқин қисқариб, 168 та маҳалла жиноятчиликдан холи ҳудуд сифатида шаклланди.

Ижтимоий барқарорликни таъминлашда оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 48 мингта хотин-қизларнинг муаммоларидан қарийб 46,5 мингтаси ижобий ечим топди. Ажрим ёқасида турган 714 та оила яраштирилиб, 5 минг 641 нафар хотин-қизга турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди. Натижада 66 та маҳалла оилавий ажримдан холи ҳудудга айланди. Бу эса маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
“Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари маҳаллалар қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Минглаб кўчалар, юз минглаб хонадонлар ва кўп қаватли уйлар таъмирланиб, коммунал ҳамда санитар ҳолати яхшиланди. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида режадан ортиқ дарахт ва кўчатлар экилиши аҳолининг экологик маданияти ҳамда фаоллигини намоён этмоқда.

Маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш мақсадида томорқадан самарали фойдаланиш, лимончилик ва узумчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам ўз натижасини бермоқда. Вилоятнинг Кармана, Навбаҳор, Хатирчи, Қизилтепа, Нурота ва Конимех туманларида 35 минг 824 та хонадон ихтисослаштирилиб, томорқада етиштирилган маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш йўлга қўйилди. Натижада экспорт ҳажми қарийб 10 миллион долларга етиб, аҳоли даромади ошмоқда.

Вилоятда “Рақамли маҳалла” платформаси орқали аҳоли муаммоларини тезкор аниқлаш ва ҳал этиш, ижтимоий реестрлар билан ишлаш амалиёти жорий этилди. Бу жараён маҳалла фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, амалга оширилган ишлар таҳлили шуни кўрсатадики, маҳалла бугун жамият ҳаётининг марказий бўғинига айланиб, ижтимоий барқарорлик, иқтисодий фаоллик ва маънавий тараққиётни таъминловчи муҳим институт сифатида намоён бўлмоқда. “Маҳалла еттилиги” модели эса ислоҳотларнинг жойлардаги амалий самарасини таъминлаб, халқ билан давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамламоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири