Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда маҳалла институти муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Маҳалла еттилиги” тизими йўлга қўйилди.
Мазкур фармон ва қарор мазмун-моҳияти ҳамда уларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш механизмларини ижрочиларга сифатли етказиш мақсадида “маҳалла еттилиги” учун ўқув- семинарлар бошланди.

Навоий вилояти бўйича 20 нафар малакали тренер танлаб олиниб, улар Давлат бошқаруви академиясида тайёрлов курсларида иштирок этди. Ушбу тренерлар жорий йилнинг 29 январидан 19 февралига қадар вилоятнинг 11 та ҳудудида бўлиб, ўқувларда вилоятнинг 330 та маҳалласида фаолият юритаётган 1870 нафар маҳалла тизими ходимини ўқитади.

– Маҳалла раиси, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим, солиқ инспекторидан иборат “маҳалла еттилиги” бугун том маънода фуқароларнинг деярли барча ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда, уларга қулай шарт-шароит яратишда хизмат қиладиган муҳим тизимга айланмоқда, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Навоий вилоят филиали бош инспектори Аброр Латипов. – Ўқувлар давомида тингловчиларга малакали тренерлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини йўлга қўйиш, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиш, Юртбошимиз раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган маҳалла тизими фаоллари зиммасидаги устувор вазифалар, маҳалла идоралари орқали давлат хизматларини кўрсатиш каби долзарб мавзулар юзасидан зарур тушунчалар берилмоқда.


Мазкур ўқувлар маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ўқувлар якунида тингловчилар олган билимларини синовдан ўтказиш мақсадида тест синовларини топширади.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири