Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Маҳалла еттилиги” иши самарадорлигини ошириш –долзарб вазифа
11:48 / 2024-04-18

Наманганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида доимий фаолият юритувчи сенатор Маҳмуджон Парпиев ўтказган мулоқотда маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишда туман, шаҳар, вилоят Кенгашлари депутатлари ва сенаторларнинг “Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлик механизмини тўғри йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Кенгайтирилган йиғилишда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибият мудирлари, вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят ёшлари ишлари бошқармаси мутасаддилари қатнашди.  

Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги маҳаллалар фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги фармон ва қарори миллий қадриятлар ҳамда эзгу амаллар маскани саналган маҳалла институтини тубдан ислоҳ қилишда дастуриламал бўлмоқда.  

Дарҳақиқат, юртимизда маҳалла тизимида сўнгги йилларда бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Айниқса, шу йил бошидан “Маҳалла еттилиги”нинг жорий этилиши, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи Маҳаллалар уюшмасининг ташкил этилгани ноёб тузилмани тубдан такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

– Бугунги кунда Наманган вилоятидаги мавжуд 788 та маҳаллада мамлакат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси бўйича ишимиз қониқарли, дея олмаймиз, – деди сенатор Маҳмуджон Парпиев. – Тўғри, “Маҳалла еттилиги” янги тизим. Бироқ маҳаллалардаги муаммолар ечимини пайсалга солаётганлар, эскича иш услубидан воз кечолмаётганлар ҳам борлигидан кўз юмолмаймиз. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат “еттилик” билан мунтазам ҳамкорликда иш олиб бориш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ.  

Сенатор ўз сўзида, жорий йилнинг март ойида Олий Мажлис Сенати томонидан Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Қирсадақ маҳалласи ўрганилганда ечимини кутаётган муаммолар етарли эканига урғу берди. Парламент вакили иштирокчиларга маҳаллалардаги ишсизликни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолиятини яширишга уринаётганларни аниқлаш, уларни тегишли тартибда имтиёзли миқдордаги солиқ таклифлари билан рўйхатга олиш зарурлигига эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.  

Маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш жамғармаси “Опен бюджет”да етарли овоз ололмаган, аммо аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш имкониятидир. Демак, жамғарма маблағларини тўғри йўналтириш шарт.  

Мулоқотда Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши котибияти мудири Равшан Абдуллаев, вилоят Кенгаши депутатлари Наргиза Муҳаммадиева, Суннатулла Аҳаджонов ва бошқалар долзарб вазифалар ижроси борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда “Маҳалла еттилиги”га кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилган уч бўғинли ҳамкорлик тизимини тўлақонли ҳаракатга келтириш бўйича қатор муҳим вазифалар белгилаб олинди.  

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА мухбири