Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла – демократик институт
18:18 / 2022-06-17

Юртимизда бўйлаб ташкил этилган “Фаол фуқаролар ҳафталиги” доирасида Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистонда маҳалла – демократиянинг асоси ва манбаи” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Самарқанд вилояти ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси масъуллари, депутатлар, фаол маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари иштирок этди. 

– Маҳаллаларда сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалаларга доир жамоатчилик фикри шаклланади – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилояти бўлинмаси раҳбари Элёр Ҳамроев. – Бу эса халқимизнинг турмуш тарзи, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган тафаккур тарзидир. Ҳаётнинг ўзи маҳаллаларни ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлашни тақозо этмоқда. Натижада маҳаллаларнинг мақоми, улар фаолиятининг асосий принциплари демократик, ошкоралик, ижтимоий адолат, инсонпарварлик, маҳаллий ҳокимиятга молик масалаларни ечишда мустақиллик, жамоатчилик асосида ўзаро ёрдам ҳолатлари қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилмоқда. 

Шунингдек, республика миқёсида оқсоқоллар кенгашининг тузилиши жаҳон тажрибасида янгиликдир. Бу билан Ўзбекистон дунёдаги давлат бошқаруви соҳасида чинакам халқчил шаклидаги ўзига хос миллий давлат тузилмасининг асосчиси бўлиб қолишидан даракдир. Давра суҳбатида Германиядан келган меҳмонлар – Берлиндаги немис шарқшунослик институти директори доктор Гюнтер Мулак ҳамда ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича Бундестаг ходими доктор Кристиан Форнек ҳам иштирок этиб, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти бўйича Германия тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.

– Германияда ҳам ўзини-ўзи бошқариш тизими – коммуна мавжуд, – дейди Кристиан Форнек. – Уларнинг умумий сони 14 мингдан ошади.

Фуқаролар ҳаётининг энг кичик масалаларидан бошлаб ҳудуднинг йирик ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларгача бу тизим шуғулланади. Коммуналар ўзларининг мустақил мактаби, боғча, шифохонаси ва бошқа муассасаларига эга. Коммуналарга сайловлар ҳам жуда катта эътибор ва қизғинлик билан ўтади. Чунки ўз маҳалласидаги ривожланишдан фуқаролар манфаатдор. Алоҳида таъкидлаш керак, Германияда энг юқори доирадаги сиёсатчи ҳам фаолиятини, аввало, ушбу тизимдан бошлайди. Умуман, Ўзбекистондаги маҳалла институти ва биздаги коммуна фаолияти аҳоли, давлат ва жамият ҳаётидаги аҳамиятига кўра бир-бирига жуда ўхшаш ҳисобланади. 

Тадбир давомида маҳалла институти фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. 


Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА