Самарқандда “Маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусида халқаро конференция иш бошлади.
Давлатимиз раҳбарининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” ғояси асосида ташкил этилган тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP), БМТ Болалар жамғармаси (UNISEF), АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) каби халқаро ташкилотлар ва йигирмадан ортиқ давлат вакиллари, хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги элчилари, бир қатор вазирлик ва идоралар масъуллари, маҳаллий экспертлар ва маҳалла фаоллари иштирок этмоқда.
Халқаро конференциянинг ялпи мажлисида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Маҳл Сабине ва бошқалар мазкур тадбирнинг аҳамияти ва ундан кутилаётган натижалар, мамлакатимизда маҳалла бошқаруви тизимини такомиллаштириш борасидаги ишлар ва уларнинг самаралари ҳақида сўз юритди.
– Бугун маҳалла ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида фаол иштирок этяпти, – деди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев. – Тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларда маҳалланинг иштироки бор. Аҳолига муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган бу ишлар натижасида кейинги йилларга 3,5 миллион кишини даромадли қилиш орқали 2023 йил якуни билан камбағаллик даражаси 11 фоизга қисқарди. Ижтимоий ҳимоя қамрови 4,5 карра кенгайтирилиб, ўтган йили ушбу мақсад учун 12,3 триллион сўм йўналтирилди. Маҳаллада камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорлик лойиҳалари учун 35 триллион сўм кам фоизли кредит, 7 триллион сўм субсидия берилди. 800 минг нафар аҳолининг деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун 260 минг гектар ер майдони ажратилди. Бугунги кунда юртимиздаги маҳаллаларнинг 51 фоизи, аниқроғи 4901 таси жиноятчиликдан, 2930 таси оилавий ажримдан, 1795 таси ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилди.
“Маҳалла еттилиги” ва банклар ҳамкорлигида жорий йилда 843 минг 999 нафар ишсиз бандлигини таъминлаш режаси ишлаб чиқилиб, бугунги кунда 650 минг 561 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Мазкур конференциядан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу ишлар ва “маҳалла еттилиги” фаолияти билан яқиндан таништириш, халқаро ташкилотлар билан дўстона ва прагматик алоқаларни янада мустаҳкамлаш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда хорижлик ҳамкорларимиз билан ўзаро тажриба алмашишга қаратилган, деди маҳаллалар уюшмаси раиси.
– Мен бундан ўн йиллар олдин Ўзбекистонга келгандим ва шу йил июнь ойидан БМТнинг доимий вакили сифатида иш бошладим, – дейди Сабине Маҳл хоним. – Қисқа вақт ичида шунга амин бўлдимки, ўтган йиллар давомида бу ерда жуда катта ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилибди. Инсон учун муносиб турмуш шароити яратиш, унинг қадр-қимматини улуғлаш ислоҳотларнинг бош мақсадига айланибди. Бу борада БМТ Тараққиёт дастури, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ва бошқа тузилмаларимиз билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдим. Энг муҳими, бу ишлар маҳаллалар доирасида амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари маҳаллаларида бунга ўзим гувоҳ бўлдим. Жамиятнинг юраги бўлган маҳалла БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий тамойили бўлган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” ғоясини ўзида мужассам этади.
[gallery-19581]
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Девид Хофман маҳалла қуйи бошқарувнинг энг самарали шакли эканлигини эътироф этиб, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятги эга эканлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, АҚШда ҳам Ўзбекистондаги маҳалла бошқаруви сингари бевосита аҳоли билан ишлайдиган ва уларнинг муаммоларини ҳал этадиган тизим мавжуд. Бу аҳоли турмуш даражасини ошириш билан бирга ҳудудларнинг барқарор ривожланишини ҳам таъминлайди. Режаларни реаликка олиб чиқади.
– Ўзбекистондаги маҳаллалар умумий мақсадларимизни амалга оширишда бизнинг энг яқин ҳамкорларимиздир, – дейди БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасзаде. – Шу жиҳатдан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан ҳамкорлигимиз аёллар, ёшлар ва кексалар каби жамиятнинг заиф гуруҳларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда мамлакатдаги барча фуқароларнинг фаровонлигини янада ошириш ва ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган. Ушбу мақсадларга эришиш учун оналар репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга нисбатан турли хил зўравонликларга барҳам бериш, оилани режалаштириш, ҳомиладор аёлларга эътиборни кучайтириш каби йўналишларда ҳамкорлик қиляпмиз. Биз аёллар, ёшлар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида маҳаллалар билан ҳамкорликда ишлашга содиқмиз.
БМТ Болалар жамғармаси (UNISEF)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Жоффри Ижумбанинг фикрича, маҳалла Ўзбекистондаги болаларнинг яхши яшаши, таълим-тарбия олиши ва жамиятда ўз ўрнини топиши учун энг асосий маскан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш учун қулай платформадир.
– Маҳалла аҳолига энг яқин тузилма бўлгани учун турли низоларни ҳал этиш орқали оилалар бузилиши, зўравонлик ёки болалар меҳнатининг олдини олишга эришмоқда. Болалар ҳуқуқларини суиистеъмол қилиш, қаровсизлик ёки бошқа қонунбузилиши ҳолатлари юз берганда ҳам дарҳол бунга қарши чора кўриб, улар ҳуқуқларини ҳимоя қила олади. “Ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик” тамойилини маҳалласиз ҳаётга татбиқ этиб бўлмайди, – деди Жоффри Ижумба.
Ялпи мажлисда маҳалла билан бевосита ишловчи вазирлик ва идоралар раҳбарлари сўзга чиқиб, “маҳалла еттилиги” тизимининг йўлга қўйилиши натижасида ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар сиёсати, ижтимоий ҳимоя, хотин-қизлар манфаатларини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, бунинг самаралари ҳақида маълумот бердилар.
Конференцияда, шунингдек, маҳалла тизими фаолиятини акс эттирувчи ҳужжатли фильм намойиш этилади.
Ялпи мажлисдан сўнг анжуман шуъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Шуъба мажлисларида Марказий Осиё мамлакатларининг ўзини- ўзи бошқариш органлари тажрибаси, давлат бошқарувида уларнинг ўрни, хотин-қизлар, ёшлар ва болалар манфаатларининг таъминланиши, бошқарувнинг қуйи бўғинида замонавий технологияларни жорий этиш, илмий тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Анжуманда муҳокама этилган мавзулар юзасидан иштирокчилар томонидан якуний хулосалари баён этилди, ўзаро ҳамкорлик, тажриба алмашишга келишиб олинди. Барча шуъба мажлислари хулосалари асосида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, БМТнинг юртимиздаги ваколатхонаси ва бошқа ҳамкор халқаро ташкилотлар томонидан конференциянинг якуний декларацияси имзоланади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари