Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла – барқарор экологик келажак учун муносиб масканга айланмоқда
11:54 / 2026-02-05

Бугун глобал иқлим ўзгариши, атроф-муҳитга босимнинг ортиши ва экологик муаммоларнинг кучайиши шароитида жамиятнинг ҳар бир бўғини олдига янги масъулият юкланмоқда. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Ўзбекистонда маҳалла институти нафақат ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази, балки экологик маданиятни шакллантириш ва барқарор келажакни таъминлашда муҳим таянч масканга айланиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ҳам маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти янада ортиб бораётганини яққол тасдиқлайди. Бу ташаббус маҳалланинг фақат маиший ёки ижтимоий масалалари билан чекланмасдан, экологик барқарорликни таъминлашда ҳам фаол иштирок этишини тақозо этмоқда.

Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан жойларда тизимли ва амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Навоий вилоятининг Навбаҳор, Хатирчи, Нурота, Кармана, Учқудуқ, Қизилтепа туманлари ҳамда Зарафшон, Ғозғон ва Навоий шаҳарларидаги қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида “Маҳалла – барқарор экологик келажак учун муносиб маскан!” шиори остида янги бошланғич партия ташкилотларининг тузилиши бу йўналишдаги муҳим қадамлардан биридир.

Бешработ, Жанубий, Абай, Алишер Навоий, Бинокор, Жалойир, Олтин Водий ва Ғафур Ғулом каби маҳаллаларда ташкил этилган мазкур бошланғич тузилмалар маҳалла ҳаётида экологик масалаларга эътиборни кучайтириш, аҳолини атроф-муҳит муҳофазасига дахлдор масалаларга жалб этишга хизмат қилмоқда.

– Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Экологик партиясининг доимий ахборот ва тарғибот бурчакларининг ташкил этилгани эса аҳолининг экологик билим ва онгини оширишда самарали восита бўлмоқда, – дейди партиянинг вилоят кенгаши раиси ўринбосари Алижон Жўраев. – Ушбу бурчакларда партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари, чиқиндиларни саралаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга қаратилган кўргазмали материаллар жойлаштирилиб, улар маҳалла аҳолиси, айниқса, ёшлар учун очиқ ахборот майдонига айланди. Зеро, экологик маданият қонун ёки қарорлар билан эмас, балки маҳалладаги кундалик ҳаёт орқали шаклланади.

Ўтказилаётган тадбирлар якунида маҳалла фаоллари ва партия вакиллари ҳамкорликда экологик тарғибот ишларини мунтазам йўлга қўйиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш, маҳаллаларни янада яшил ва файзли ҳудудга айлантириш бўйича аниқ режаларни белгилаб олди.

Албатта, бугун маҳалла экологик маданият шаклланадиган, барқарор ривожланиш пойдевори қўйиладиган энг муҳим жамият бўғинига айланмоқда. Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуслари эса маҳаллаларни экологик ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ва ишончли ҳамкорига айлантириб, келажак авлодлар учун соғлом ва мусаффо муҳит яратишга хизмат қилмоқда.

А.Бўриев, ЎзА