Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла — барчамизни жипслаштирадиган маскан
17:16 / 2024-05-08

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Маҳалла — оқкўнгил, бунёдкор халқимиз қалбининг кўзгусидир” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда маҳалла институтининг жамиятдаги ролини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг муҳокама қилинди.

Қўмита раиси Ш.Бафаев тадбирни кириш сўзи билан очар экан, маҳалла халқимизга хос алоҳида тузилма, барчамизни жипслаштирадиган, меҳр-оқибатни, инсонийликни ўргатадиган, асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб келадиган маскан эканини алоҳида таъкидлади. Айниқса, кейинги йилларда маҳалла ҳаётимизга дахлдор бўлган барча масалаларни ҳал этишда халқ ва давлатни бир-бирига яқинлаштириб, муносабатларни тартибга солувчи муҳим тузилмага айланаётганини қайд этди. 

— Конституциявий ислоҳотлар доирасида маҳалла институтининг мақоми янада оширилиб, чинакам халқ дарди ва ташвиши билан ишлайдиган йирик фуқаролик жамияти институтига айлантирилди, — деди депутат М.Ҳасанова. — Жумладан, Конституциянинг 69-моддасига асосан эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқаролик жамияти институти сифатида эътироф этилди. Давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукуматнинг қатор қарорларига асосан маҳаллалар ваколатлари кенгайтирилди, уларнинг молиявий мустақиллиги кучайтирилди. Фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнлар рақамлаштирилди. Айнан маҳалла тизимини такомиллаштиришга қаратилган 100 яқин норматив-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинди. 

Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ва уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими кучайтирилмоқда, — деди маърузачи. 

Давра суҳбатида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вакили ва бошқа мутахассислар сўзга чиқиб, мамлакатимиздаги 9400 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятида рўй бераётган ўзгаришлар, уларнинг фуқаролар ҳаётидаги иштироки ҳақида батафсил тўхталдилар. Айниқса, “Маҳалла еттилиги” маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришда, ёшлар ва аёллар билан ишлашда муҳим омил бўлаётгани айтиб ўтилди. 

Шунингдек, давра суҳбатида “Ўзбекистон-2030” стратегияси ҳамда жорий йилги Давлат дастурида маҳалла тизимига оид белгиланган мақсад-вазифалар ҳақида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, маҳалланинг маблағларини аҳолининг овозига кўра, инфратузилма лойиҳаларига йўналтириш амалиётини жорий қилиб, маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш учун ажратиладиган маблағлар миқдорини камида 3 баробар кўпайтириш, аҳоли ташаббуси билан инфратузилмани яхшилашга ажратилан маблағларни 24 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, маҳаллаларда юздан ортиқ давлат хизматларини “бир қадам”да кўрсатишни йўлга қўйиш, маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни 100 фоиз рақамлаштириб, ҳар бир маҳаллада “электрон хизмат нуқталари”ни ишга тушириш мақсад қилинган. 

Муҳокамалар давомида маҳалла институтининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, “маҳалла еттилиги”нинг фаолияти унумдорлигини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА