Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мағлубиятлар соясида қолган “Сўғдиёна”: муаммо қаерда?
19:06 / 2026-03-07

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 2-тур учрашувлари Урганч шаҳридаги баҳс билан якунланди. Бироқ турнинг энг кўп муҳокама қилинган ўйинларидан бири Самарқандда ўтказилган “Сўғдиёна” — “Насаф” учрашуви бўлди. Ушбу учрашув яна бир бор жиззахликлар жамоасидаги тизимли муаммоларни очиқ-ойдин кўрсатиб берди.

Аслида мазкур ўйин Жиззахда ўтказилиши керак эди. Аммо вилоят марказидаги стадионда таъмирлаш ишлари давом этаётгани боис учрашувни ўтказиш имкони бўлмади. Маҳаллий мутасаддилар дастлаб “Сўғдиёна”нинг уй ўйинларини Зомин шаҳарчасидаги стадионда ташкил этишни режалаштирган эди. Бироқ у ердаги ёритиш тизими Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси талабларига жавоб бермагани сабабли, бу вариант ҳам рад этилди. Натижада жамоа ўйинни ўз майдонидан узоқда — Самарқандда ўтказишга мажбур бўлди.

Бир қарашда бу ҳолат жамоа учун муайян қийинчилик туғдириши мумкин. Аммо майдон муаммосини “Сўғдиёна” мағлубиятларининг асосий сабаби сифатида кўрсатиш тўғри эмас. Чунки Самарқанддаги баҳсда жамоанинг ўйини тактик ва психологик жиҳатдан тайёр эмаслиги яна бир бор намоён бўлди.

Биринчи турда Андижонда 0:4 ҳисобидаги оғир мағлубиятдан кейин жамоа жиддий хулоса чиқаради, деган умидлар бор эди. Аммо “Насаф”га қарши учрашув бу умидларни оқламади. Ўйин манзараси шундан далолат бердики, жамоа ҳамон ўз ўйинини топа олмаяпти.

Учрашув бошида “Сўғдиёна” ҳужумга зўр беришга ҳаракат қилди. Бироқ бу ҳужумлар тизимли комбинацияларга эмас, кўпроқ импровизацияга асослангани сабаб самара бермади. Аксинча, бу ҳолат меҳмонларга қарши ҳужум тактикасини муваффақиятли қўллаш имконини берди. Қарши жамоасининг бош мураббийи Рўзиқул Бердиев бу борада анча пухта режа ишлаб чиққанини майдондаги ҳаракатлардан англаш қийин эмас эди.

Учрашувнинг 14-дақиқасида “Сўғдиёна” ярим ҳимоячиси Нодиржон Сойибов майдон марказига яқин ҳудуддаги курашда Ойбек Рустамовга тўпни бой берди. Ойбек эса ҳеч қандай жиддий қаршиликка учрамасдан, жарима майдонига яқинлашиб, аниқ зарба билан ҳисобни очди. Бу вазиятда сербиялик дарвозабон Никола Миркович анча содда кўринган зарбани қайтаришга улгура олмади.

Орадан етти дақиқа ўтиб, ҳисоб яна ўзгарди. “Насаф” футболчилари тезкор қарши ҳужум уюштириб, Зафармурод Абдураҳматовнинг аниқ узатмасидан сўнг, Шароф Муҳитдинов 16–17 метр масофадан дарвозанинг яқин бурчагига кучли зарба йўллади. Бу вазиятда ҳам Мирковичнинг ҳаракати саволлар уйғотди. Одатда ҳатто кам тажрибали дарвозабонлар ҳам бундай вазиятда яқин бурчакни ёпишга ҳаракат қилади. Аммо бу гал жиззахликлар посбони бунга улгурмади.

Шу тариқа ўйиннинг бор-йўғи етти дақиқаси ичида учрашув тақдири деярли ҳал бўлди.

Иккинчи бўлимда “Сўғдиёна” бироз фаоллашди. Жиззахлик мухлислар умид қилган воқеа 74-дақиқада юз берди: Суҳроб Иззатов жарима майдонида қоида бузилишига сабаб бўлиб, пенальти ишлаб олди. Бу ҳисобни қисқартириш ва ўйинга интрига қайтариш учун жуда яхши имконият эди.

Бироқ жамоа сардори Люпчо Дориев 11 метрлик зарбани голга айлантира олмади. “Насаф” дарвозабони Абдувоҳид Неъматов тўпни қайтариб, жамоасини қийин вазиятдан қутқарди.

Шундан кейин ҳам “Сўғдиёна” ўйинни ўзгартириш учун етарли куч ва ирода намойиш эта олмади. Қаршиликлар эса ортиқча куч сарфламай, тартибли ҳимояланиб, вақти-вақти билан хавфли қарши ҳужумлар уюштириб турди.

“Сўғдиёна” таркибига назар ташласак, майдонга бир вақтнинг ўзида беш нафар европалик легионер ва бир нафар тожикистонлик футболчи тушганини кўрамиз. Бу — молиявий ва ташкилий имкониятлар муайян даражада мавжудлигини англатади.

Бироқ муаммо шундаки, бу легионерлар жамоа ўйинига кутилган таъсирни кўрсата олмаяпти. Аксинча, маҳаллий футболчилар — Жасур Жалолиддинов, Суҳроб Иззатов, Отабек Аҳадов каби ўйинчилар кўпроқ ташаббус кўрсатаётгандек таассурот қолдирмоқда.

Бу эса жамоа селекциясида ҳам жиддий муаммолар мавжудлгини англатади. Легионер футболчи маҳаллий ўйинчидан фарқ қилиши, жамоа ўйинига янги сифат олиб кириши лозим. Акс ҳолда бундай трансферлар ўзини оқламайди.

Мутахассислар фикрича, “Сўғдиёна”даги асосий муаммо тактик тизимнинг мукаммал эмаслиги ва футболчилар руҳиятининг пастлиги билан боғлиқ. Андижондаги йирик мағлубиятдан кейин ҳам жамоа руҳий жиҳатдан тикланмагани аниқ кўринди.

Бош мураббий Иван Бошкович аввало футболчилар руҳиятини кўтариш, уларда ўзларига, қолаверса ғалабага ишонч уйғотиш устида ишлаши керак эди. Аммо икки тур давомида бу борада ижобий ўзгариш кўзга ташланмади.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида мураббийнинг баёноти ҳам кўпчиликни қониқтирмади. Унда мағлубият сабабларини чуқур таҳлил қилишдан кўра, умумий ва расмий иборалар устунлик қилди. 

Суперлигада мавсум энди бошланган бўлса-да, икки тур натижалари “Сўғдиёна” учун жиддий огоҳлантирувчи сигнал бўлиб турибди. Агар жамоа яқин вақт ичида тактика, стандарт вазиятлар, комбинацион ўйин ва психологик тайёргарлик устида жиддий иш олиб бормаса, мағлубиятлар серияси давом этишининг эҳтимоли катта.

Бундай ҳолатда жамоа турнир жадвалининг қуйи қисмида қолиб кетиши, ҳатто мавсум якунида қуйи лигага тушиб кетиш хавфи ҳам йўқ эмас.

Шу боис, клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчилар бугунги вазиятдан тўғри хулоса чиқаришлари лозим. Акс ҳолда “Сўғдиёна” мағлубиятлар ботқоғидан чиқиш ўрнига, унга янада чуқурроқ ботиб кетиши мумкин.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА